Жаҳон | 21:38 / 13.01.2023
32220
14 дақиқада ўқилади

АҚШ Вакиллар палатаси спикери 15-уринишда сайланди. Энди Украинага ёрдам қисқариши мумкинми?

Jabin Botsford / The Washington Post / Getty Images

2023 йилнинг 7 январида, тўрт кун давом этган 15 раундлик овоз беришдан сўнг, Вакиллар палатаси спикери лавозимига республикачилар фракцияси раҳбари Кевин Маккарти сайланди. Ушбу кечикишга асосий сабаб — узоқ вақт давомида Маккартига қарши овоз бериб келган консерватив қанотдаги ўзининг партиядошлари эди. Уларнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун Маккарти бир қатор ён беришларни амалга оширишига тўғри келди. Бу қандай ён беришлар эди, Кевин Маккарти аслида ким ва унинг сайланишидаги интрига Украинадаги урушга қандай таъсир қилади?

2022 йил 8 ноябрда АҚШ Конгрессига оралиқ сайловлар бўлиб ўтди. Сайловнинг асосий интригаси Республикачилар партиясининг мутлақ ғалабаси, уларнинг ҳар икки палатада яққол устунлик билан ғалаба қозониши башорати эди. Бироқ, натижа анча камтарроқ бўлди: республикачилар Вакиллар палатасида 222 ўринга эга бўлди, демократлар Сенатда нафақат назоратини сақлаб қолди, балки қўшимча битта ўринга ҳам эга бўлди.

Натижалар унчалик таъсирчан бўлмаганига қарамай, республикачилар январ ойида иш бошлайдиган янги Конгресснинг қуйи палатаси устидан назоратни қўлга киритди. Аммо сайловолди дастурини амалга оширишни бошлаш учун улар Вакиллар палатаси спикерини сайлаши керак эди. Бу лавозим АҚШда президент ва вице-президентдан (у бир вақтнинг ўзида Сенатни ҳам бошқаради) кейин учинчи энг муҳим сиёсий лавозим ҳисобланади. Ушбу мансабга асосий даъвогар калифорниялик конгрессмен, 2014 йилдан буён республикачилар фракцияси раҳбари бўлиб келаётган Кевин Маккарти эди.

Ёш мерган

Кевин Маккартининг сиёсий карьераси 1980-йилларда, республикачи конгрессмен Билл Томаснинг ёрдамчиси, сўнгра унинг округ офиси директори бўлганида бошланган. Билл Томас Маккарти ҳозир вакили ҳисобланган округдан сайловларда қатнашган. 2002 йилда Томаснинг қўллови билан Маккарти Калифорния штати қонун чиқарувчи органи депутатлигига сайланади ва бир йилдан сўнг ундаги республикачилар фракцияси раҳбари бўлади. 2006 йил Билл Томас нафақага чиққанида, Маккарти мамнуният билан устозининг ўрнини эгаллайди ва сайловда осонгина ғалаба қозонади. Тўғри, ҳозир Томас ўқувчисидан норози кайфиятда, у Доналд Трампни қўллаб-қувватлагани учун шогирдини иккиюзламачи деб атаган.

Конгрессга кирган Маккарти жуда тез «кўтарила» бошлайди. Конгрессдаги иккинчи муддатидаёқ у партия «қамчиси»нинг (партия қамчиси — мажоритар давлатларда партия аъзоларининг партия умумий йўналишига мувофиқ овоз беришини назорат қилувчи шахс) ўринбосари этиб сайланади. 2010 йилда республикачилар Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритгач, аввалги «қамчи» Эрик Кантор фракция етакчиси лавозимига кўтарилади ва унинг жойини Маккарти эгаллайди.

Актёр Кевин Спейси машҳур «Қартадан қурилган уй» телесериалидаги Фрэнк Aндервуд ролига тайёргарлик кўраётганда, бир неча марта Маккарти билан учрашган. Маккарти актёрга Конгресснинг ички ҳолати ва «қамчи»нинг ўзига хос хусусиятларини тушунишга ёрдам берган. Маккартининг сўзларига кўра, Спейси «Ўз округингиз учун овоз беринг, ўз виждонингиз учун овоз беринг, фақат мени ажаблантирманг» деган жозибали иборани айнан ундан ўғирлаган ва сериалда ишлатган.

Кантор кетиши билан Маккарти 2014 йилда Республикачилар фракцияси етакчисига айланади. Бир йил ўтгач, у спикер бўлишга ҳаракат қилади, бироқ кўпчилик ҳамкасбларининг қўллаб-қувватлашига эриша олмаслигини англаб, пойгадан чиқади ва Висконсин штати вакили Пол Райанга йўл бериб, фракция раҳбарлигида қолади. 2018 йилда Трампнинг иттифоқчилари билан умумий тил топиша олмаган Райан нафақага чиқади ва бутунлай сиёсатдан кетади. Демократлар Вакиллар палатасида кўпчилик ўринни қўлга киритади ва Маккартининг партия ичида нуфузли рақобатчиси қолмайди. Унинг ўзи республикачиларнинг марказий қаноти вакили ҳисобланади. Райан партиядан кетганидан бери унинг етакчилик позицияси учун барча рақиблари фақат ультра-консерваторлар орасидан бўлган.

Кевин Маккарти ва АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Дональд Трамп митингда. 2020 йил 19 феврал, Бейкерсфилд, Калифорния
David McNew / Getty Images

Маккарти 2016 йилги президентлик кампаниясида Трампни фаол қўллаб-қувватлаган, унинг маъмурияти тарафдори бўлиб қолган, импичментга уриниш пайтида президент Трампни ҳимоя қилган ва унинг 2020 йилги президентлик сайловларида кенг кўламли фирибгарлик содир этилгани ҳақидаги даъволарини такрорлаган. Уларнинг муносабатларидаги келишмовчилик 2021 йил 6 январдаги тартибсизликлар (Капитолийга ҳужум) туфайли юзага келади, бу воқеа Маккартини жиддий қўрқитиб қўяди. Партиядошлари билан ёпиқ учрашувда у Трампни кескин қоралаган ва импичмент партияга зарар етказмаслиги учун уни истеъфога чиқишга ундашини айтган.

Аммо бу ғоя партия аъзолари орасида қўлловга эришмагач, Маккарти жуда эҳтиёткор сиёсатчи сифатида бу ҳақида омма олдида гапирмаган. У иккинчи импичмент пайтида тезда Трампнинг ҳимоясига чиқади ва тартибсизликларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлайди. Кейинроқ партияни Трампнинг рақибларидан тозалашни, жумладан, конгрессмен Лиз Чейни Республикачилар фракциясидаги учинчи энг муҳим лавозимдан четлатишни қўллаб-қувватлайди.

Трамп билан ёки Трампсиз Маккарти доим спикер бўлишни орзу қилган. 2022 йилги сайловлар ниҳоят унинг бу орзусини амалга ошириши учун ажойиб имконият бўлиши керак эди. Аммо бунинг учун сайлов кампаниясидаги унчалик яхши бўлмаган натижалар ҳам унинг йўлига тўсқинлик қилмаслиги лозим эди.

«Парламент жаҳаннами»нинг 15 раунди

Вакиллар палатаси спикери этиб сайланиши учун Маккарти Конгресс аъзоларининг 218 овозини олиши керак эди. Республикачилар палатада 222 ўринга эга бўлгач, Маккартининг АҚШдаги учинчи энг муҳим лавозимни эгаллаши амалда кафолатлангандек кўринди. Аммо ноябрдаги сайловлардан кўп ўтмай, бир қанча консерватив республикачи конгрессменлар Маккартининг спикерликка номзодини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилди. Унга қарши чиққан республикачиларнинг доираси кичиклигини ҳисобга олган ҳолда Маккарти тўртта овоз унга қарши чиқишига йўл қўйиши мумкин эди. Бироқ дастлаб беш киши унинг номзодига қарши чиқди.

Аввалига бу ультра-консерваторларнинг шунчаки таҳдиди ва тегишли қўмиталардаги ўринлар учун савдолашишга уриниши бўлиб кўринди. Чунки, шахсий амбициялари учун ўз партиясини бутун мамлакат кўз ўнгида шарманда қилиш жуда абсурд иш эди. Аммо ҳаммаси Республикачилар партияси етакчиси тасаввур қилганидан ҳам ёмонроқ бўлиб чиқди: 3 январ куни, янги йилдан кейин биринчи марта ўтказилган Вакиллар палатасининг 118-чақириғида Маккарти тўрт ёки беш партиядоши эмас, нақ йигирма партиядошининг овозидан маҳрум бўлди.

Уларнинг барчаси партиянинг «Озодлик кокуси» номи билан танилган консерватив қаноти аъзолари эди. Шундан сўнг, Трампнинг ўзи ҳам оммавий равишда Маккарти номзодини қўллаб-қувватлади, бироқ унинг сўзлари узоқ вақт давомида республикачи консерваторлар позициясига таъсир қилмади. Демократлар эса партиянинг йигирма йиллик етакчиси Нэнси Пелоси ўрнини эгаллаган ўзларининг янги раҳбари, Нью-Йорк штати вакили ва партия ташкилотчиси Ҳаким Жеффрисни барча 212 овоз билан тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Нима учун спикерни сайлаш бунчалик муҳим? Чунки бу янги чақирилган Конгресснинг илк вазифасидир. Фақат шундан кейингина янги сайланган конгрессменлар қасамёд қилади, қўмиталарга тақсимланади, Вакиллар палатасининг регламенти аниқланади ва бюджетлар тасдиқланади. Овоз бериш давом этар экан, палата 13 январ куни маош олиши керак бўлган ўз ходимларининг маошларини ҳам тасдиқлай олмайди ва тўлай олмайди, деган хавотирлар пайдо бўлди.

Бундан ташқари, яна бир қизиқ ҳолат ҳам пайдо бўлаётганди. Янги Конгресс ўз вазифасига киришмас экан, парламентнинг Разведка қўмитаси аъзолари махсус хизматларнинг доимий ҳисоботларини эшита олмас эди, чунки бу вақтга келиб уларнинг давлат сирларига кириш ҳуқуқи тугаган, янгиси эса берилмаганди. Уларга бу ҳуқуқни берувчи янги чақирилган Конгресс эса ҳали қўмитанинг янги аъзоларини тасдиқламаган ва вазифасига кириша олмаётган эди.

Қайд этиш жоизки, Вакиллар палатаси спикерининг сайланмай қолиши жуда кам учрайдиган ҳолат: охирги марта бу роппа-роса 100 йил аввал, 1923 йилда, спикер тўққизинчи уринишда сайланганда содир бўлган. Овоз бериш раундлари сони бўйича мутлақ рекорд эса 1855 йил, Фуқаролар урушидан бир неча йил олдин ўрнатилган. Ўшанда конгрессменлар 133 марта овоз беришига тўғри келган.

Маккарти 3 кун давом этган 10 раунд овоз беришда белгиланган 218 овозга яқинлаша олмагач (аксинча, у янада узоқлашди), вазиятни уч йўл билан ҳал қилиш мумкинлиги аён бўлди:

  • Маккарти барибир ўзининг консерватив партиядошларини унга овоз беришга ишонтириши керак эди. Масалан, бир қатор муҳим қўмиталар раислигини (палата кун тартибини назорат қилиш имконини берадиган жуда муҳим лавозимлар) уларга бериш орқали. Маккарти эса аксинча, ёпиқ йиғилишда унга қарши овоз берганларнинг барчаси қўмиталардаги ўринларини йўқотишига ваъда берган. Тўғри, бу шубҳали таҳдид, чунки уларнинг овозларисиз у шунчаки ғалаба қозониши мумкин эмасди. Маккартининг ўзи консерваторларнинг баъзи талабларини бажаришга, хусусан, спикерни лавозимидан четлаштириш жараёнини соддалаштиришга ваъда берган. Бироқ, консерваторлар музокараларда қанчалик қулай позицияда эканликларини аллақачон ҳис қилган ва кўпроқ нарса талаб қилган;
  • Маккарти ҳеч қандай тарзда 218 овоз ололмаслигини тушунади ва номзодини қайтариб олади. Шундан сўнг республикачилар партияни бирлаштира оладиган бошқа фигурани излашга мажбур бўлади;
  • Либерал республикачиларнинг бир қисми (беш нафари кифоя) демократлар билан бирлашиб, муросачи сифатида спикер лавозимига мўътадил номзодни танлайди. Ноябр ойида камида бир республикачи конгрессмен бу ҳақда гапирган эди.

Охир-оқибат биринчи вариант ғалаба қозонди. 12 раундда аввалги раундларда Маккарти номзодига қарши чиққан 14 нафар республикачи уни қўллаб-қувватлаб овоз берди. Аммо шунда ҳам Маккарти спикер бўлиши учун яна камида тўртта овоз керак эди. Унга овоз бермаган республикачилар орасида эса унинг энг принципиал рақиблари қолганди.

Овоз беришнинг 15-раундида Кевин Маккарти барибир Вакиллар палатаси спикери этиб сайланди. Тўғри, у 218 та овоз тўплай олмади. Маккартига ҳеч қачон овоз бермасликка ваъда берган энг принципиал республикачилардан олти нафари шунчаки овоз беришда бетараф қолди ва шу тариқа Маккарти учун зарур бўлган овоз чегарасини 216 тага туширди.

АҚШ конгресси ходими Вакиллар палатаси спикери кабинетига Кевин Маккарти исми ёзилган янги табличкани ўрнатмоқда. 2023 йил 7 январ
Nathan Howard / Getty Images

Консерваторлар томонидан гаровга олинган

Шубҳасиз, республикачи консерватор рақибларнинг овозини олиш учун Маккарти бир қанча ён беришларга бориши ва уларга қандайдир ваъдалар бериши керак эди. Уларнинг аниқ мазмуни ҳозирча номаълум (баъзи республикачи конгрессменлар улар фақат оғзаки тарзда бўлганини айтган, бошқалари эса ваъдалар ёзма равишда мустаҳкамланганига ишонч билдирган), аммо маълумотларга таяниб, ўзгаришларнинг кўламини тахминан баҳолаш мумкин:

  • эндиликда бир республикачи конгрессменнинг ташаббуси спикерга ишончсизлик вотумини бошлаш учун етарли бўлади. Бу 20 нафар республикачи консерваторга Маккартини калта арқонда ушлаб туришга ёрдам беради;
  • консерваторларнинг бир қисми муҳим бюджет ва амалий қўмиталаридаги ўринларга эга бўлади. Амалий қўмиталар Вакиллар палатаси ишининг регламентини, хусусан, қонун лойиҳалари ва уларга ўзгартиришлар киритиш ҳамда қабул қилиш жараёнини белгилайди;
  • қонун лойиҳалари матнларини овозга қўйишдан олдин ўрганиш учун 72 соатлик муддат жорий этилади;
  • бюджет харажатлари, шу жумладан Пентагон бюджети 2022 йил даражасида музлатилади. Бу Конгресс орқали Украинага қўшимча ҳарбий ёрдам ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини қабул қилишни сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин;
  • бюджет харажатларини камайтирмасдан давлат қарзи чегарасини оширмасликка ваъда бериш (бу учун кураш 2023 йилнинг биринчи чорагида бошланиши керак). Ва битта умумий бюджет лойиҳаси ўрнига 12 та алоҳида қонун лойиҳаси яратиш;
  • консерваторлар учун устувор қонун лойиҳаларини овозга қўйиш мажбурияти, жумладан, абортни тақиқлаш, миграция назоратини кучайтириш, конгрессменлар учун муддатлар сонига максимал чеклов қўйиш ва ҳатто экзотик солиқ ислоҳоти ўтказиш. Аммо буларнинг барчаси демократлар кўпчилик бўлган Сенат тасдиғидан ўтиш эҳтимоли жуда паст;
  • махсус хизматлар ва бошқа федерал органлардан сиёсий мақсадларда фойдаланишни текшириш бўйича қўмита тузиш. Эҳтимол, яқин орада Афғонистондан қўшинлар олиб чиқилиши ва президент Байденнинг ўғли Ҳантернинг ишини текшириш учун алоҳида қўмиталар пайдо бўлади.

Маккартининг консерваторлар билан келишувлари қанчалик расмийлаштирилганлиги ва у уларни тўлиқ амалга оширишга ҳаракат қилиши ёки қилмаслигидан қатъи назар, бундан буён унинг позицияси анча қалтис. У республикачи консерваторларнинг қўллаб-қувватлашига таянади ва агар улар ундан етарлича имтиёз олмаётганини ҳис қилса, исталган вақтда бу қўлловни қайтариб олиши мумкин. Эҳтимол, Республикачилар партияси ўзининг энг радикал озчилик (унинг вакиллари аллақачон «Толибон йигирматалиги» деб аталмоқда) гуруҳи томонидан гаровга олиниши келажакда мўътадилроқ қанотни демократлар билан иттифоқ тузишга мажбур қилиши мумкин.

Мавзуга оид