Жаҳон | 18:12 / 13.01.2023
17692
2 дақиқада ўқилади

Россия фуқаролиги олган собиқ ўзбекистонликларни урушга жўнатиш таклиф этилди

Россияда мамлакат фуқаролигини олган Марказий Осиё, Кавказорти давлатларининг собиқ фуқароларини Украинадаги урушга жўнатиш таклиф этилди. 

Фото: РИА Новости

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин «Российская газета»га берган интервьюсида Марказий Осиё давлатларидан келганларни Украинадаги урушга юборишни таклиф қилди.

«Статистика шуни кўрсатадики, чет элликлар ҳарбий хизматни четлаб ўтиб, оммавий равишда Россия фуқаролигини олмоқда. Охирги беш йил ичида Марказий Осиё ва Кавказорти давлатларидан келган миллиондан ортиқ киши, жумладан, Тожикистон, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг 550 минг собиқ фуқаролари Россия фуқаролигини олди», деди Александр Бастрикин.

Унинг сўзларига кўра, биргина 2022 йилнинг биринчи ярмида ушбу давлатларнинг 60 мингдан ортиқ вояга етган фуқаролари Россия фуқаролигини олган ва «демак, уларни қабул қилган мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича конституциявий мажбурият ҳам юзага келган».

«Шу муносабат билан, фуқароликка қабул қилинганларни урушда иштирок этиш учун жўнатиш устуворлиги масаласини кўриб чиқиш тавсия этилади», деди РФ Тергов қўмитаси раҳбари.

 

Мавзуга оид