Столтенберг Украинага янги оғир қуроллар етказиб берилишини кутмоқда
НАТО бош котибига кўра, бу «урушнинг ҳал қилувчи босқичи», Киевни ғалаба учун зарур бўлган қуроллар билан таъминлаш муҳим.
НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинага қўшимча оғир қуроллар етказиб бериш тарафдори эканини айтди. Столтенберг ўз позициясини 15 январь, якшанба куни газета ўз веб-сайтида жойлаштирган Handelsblatt нашрига берган интервьюсида айтиб ўтди. Материал 20 январь куни «Рамштайн форматида» Украина бўйича алоқа гуруҳининг учрашуви арафасида чиқди.
Столтенберг Германия канцлери Олаф Шольцнинг Украина қуролли кучларини Marder пиёда жанговар машиналари билан жиҳозлаш ҳақидаги қарорини олқишлади. Қўшимча қарорлар 20 январь куни АҚШнинг Рамштайн авиабазасида ўтказиладиган иттифоқчилар йиғилишида қабул қилинади, деб ёзади Handelsblatt. «Оғир ҳарбий техникани етказиб бериш бўйича сўнгги мажбуриятлар жуда муҳим – мен яқин келажакда бундан ҳам кўпроқ нарсани кутаман», деди Столтенберг.
«Биз урушнинг ҳал қилувчи босқичидамиз», деб таъкидлади Шимолий Атлантика альянси бош котиби. «Шу нуқтайи назардан, биз Украинани ғалаба қозониши учун зарур бўлган қурол-яроғ билан таъминлашимиз муҳим», — дея қўшимча қилди у. Столтенбергга кўра, Украинани ҳарбий қўллаб-қувватлаш тинчликка эришишнинг энг тезкор йўлидир.
Шольц бир неча бор эслатиб ўтган ядровий кескинлик кучайиши хавфи ҳақида гапирар экан, Столтенберг шундай деб таъкидлади: «Ядро қуролидан фойдаланиш хавфи кичикдир». Хитой ва бошқа давлатлар Россияга «ядро қуролидан фойдаланмаслик керак» деган сигнал юборди, дея тушунтирди альянс бош котиби.
Шу билан бирга, нашр суҳбатдоши Украинага қарши урушда Россияни паст баҳоламаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди. «Руслар маънавият ва машғулотларда етишмаётган нарсани оммавийлик билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Улар ўз мақсадларига эришиш учун катта қурбонликларга тайёр эканликларини кўрсатдилар», - дея огоҳлантирди Йенс Столтенберг.
20 январь куни Украинанинг иттифоқчи давлатлари мудофаа вазирлари Германиядаги Американинг Рамштайн авиабазасида Киевга кейинги ҳарбий ёрдамни муҳокама қилади. Музокараларда, хусусан, Пентагон раҳбари Ллойд Остин иштирок этади.
Полша Украинага Ғарбнинг оғир жанговар танкларини юбориш ниятини эълон қилган биринчи НАТО давлати бўлди. 11 январь оқшомида халқаро коалиция таркибида Leopard-2 танклари компаниясини Киевга ўтказиш тўғрисидаги қарорни Полша раҳбари Анжей Дуда Лвовда Украина ва Литва президентлари Володимир Зеленский ҳамда Гитанас Науседа билан учрашувдан сўнг эълон қилди. Гап 14 та танк ҳақида кетмоқда. Ҳозирча Полша танкларни юбора олмайди, чунки бунинг учун уларни ишлаб чиқарувчи - Германиядан реэкспорт лицензияси талаб қилинади.
11 январь куни Лондон ҳам танкларни Украинага ўтказиш ниятида эканлигини маълум қилди. Буюк Британия бош вазири Риши Сунак мудофаа вазири Бен Уоллесдан келгуси ҳафталарда «Украинани қўллаб-қувватлаш, жумладан, танклар билан таъминлашда янада тезроқ ҳаракат қилиш учун ҳамкорлар билан ишлашни» сўради, деб хабар берди Сунак идораси. Sky News телеканалига кўра, Лондон Киевга Британия армиясининг Challenger 2 ўнта асосий жанговар танкини таклиф қилиши мумкин.
Агар Европа даражасида Украинага тегишли ёрдам лойиҳаси ишга туширилса, Финландия Украинага ўз захираларидан оз сонли Leopard танкларини юборишга тайёр. Бу ҳақда Финландия президенти Саули Ниинисте маълум қилди, унинг сўзлари 12 январь куни Yle телерадиокомпанияси томонидан келтирилди.
Мавзуга оид
16:28
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
14:00 / 16.11.2024