Жаҳон | 17:13 / 16.01.2023
3265
2 дақиқада ўқилади

Украина 2023 йилда Европа Иттифоқидан 18 млрд евро олади

Фото: Olivier Matthys / AP

Европа комиссияси (ЕК) ва Украина 2023 йилда Киевга 18 миллиард еврогача кредит беришни назарда тутувчи меморандумни имзолади.

Жорий ҳафта ЕК Украинани Европа Иттифоқи (ЕИ) номидан 3 миллиард евро миқдоридаги макромолиявий ёрдам транши билан таъминлашни режалаштирмоқда, деб хабар берди ЕК вице-президенти Валдис Домбровскис.

Ҳужжат имзоланиши ҳақидаги маълумотни Украина бош вазири Денис Шмихал тасдиқлади.

«3 миллиард евролик биринчи тўлов шу ҳафта охирида амалга оширилади. Улар Украинага ўзининг бевосита эҳтиёжларини қоплашга ёрдам беради – йил давомида доимий тўловлар оқими билан», — деб ёзди Домбровскис Twitter'да.

У қолган тўловларни олиш муддатини айтмади. Шмихал ўз аккаунтида бу тўловлар Киевга «келажакда микроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолишга» ёрдам беришини ёзган.

Financial Times газетасининг хабар беришича, 2023 йилда Украина халқаро ҳамкорларидан 38 миллиард доллар (ойига тахминан 3,5 миллиард доллар) бюджет ёрдами олишни кутмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий ҳаракатлар тугаганидан кейин мамлакатни тиклаш учун 1 триллион доллардан кўпроқ маблағ керак бўлишини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид