Аномал совуқ сабаб таълим муассасаларида таътил дастлаб, 18 январгача чўзилди, кейин бирданига дарслар эртароқ бошланиши маълум қилинди. Сўнг ҳудудларда таътил яна 23 январгача узайтирилди. Тартибсизлик билан аввал ундай, сўнг бундай чиқаётган қарорлардан асосан, талаба ва ўқувчилар жабр кўряпти: ўқувчилар ҳар мактабга бормаган куни учун эгаллаши мумкин бўлган маълум даражадаги билимни йўқотяпти, талабалар эса вилоятлардан пойтахтга ёки бошқа вилоятдаги ўқиш жойларига бориб яна қайтишга мажбур бўлиб қолишмоқда. Тўғри, таътил тугагач дарслар тиғизлаштирилган ҳолатда ўтилиши билан йўқотишлар ўрнини бироз тўлдириш мумкиндир, лекин ўқувчилар ҳар бир ўрганмаган дарс соати учун келажакда маълум миқдорда инвестициядан айрилишади.

Узаяётган таътилнинг сабаби

Иқлим ўзгариши ҳақида бонг урила бошланган бир неча йил олдин аксар одам бу мавзу биздан узоқ деб эътиборсиз қолдирган бўлиши мумкин. Лекин ҳозир бундай қилиб бўлмайди. Сабаби иқлим ўзгариши Ўзбекистонда ҳам ҳамма соҳаларга, ҳатто таълимга ҳам таъсир қилмоқда.

Иқлимшунослар таъкидлашича, глобал исиш ёғингарчилик кўпайишига олиб келмайди. Бироқ улар экстремал об-ҳаво ҳодисалари кўпайишига, шу жумладан, аномал қуруқ ёки аномал нам даврлар такрорийлиги кўпайишига олиб келади.

Яъни энди луғатимизда “аномал” сўзи ҳам доимий ўрин олса керак. Сабаби Марказий Осиё ҳам иқлим ўзгаришларига таъсирчан ҳудуд ҳисобланади. Сўнгги пайтларда глобал ҳарорат кўпйиллик иқлимий меъёрлардан 1 градус исиган бўлса, Марказий Осиё 2 градусга исиди. Ўзбекистонда ҳарорат глобал миқёсдагидан кўра тезроқ кўтарилган ва бу давом этади. Салбий таъсирни эса турли табиат ҳодисалари орқали ҳис қиламиз.

Глобал исиш сабаб бизни аномал иссиқ, аномал совуқ об-ҳаво, қурғоқчилик, селлар кўпайиши, чанг, сув танқислиги ва шунинг ортидан пайдо бўладиган электр танқислиги каби муаммолар кутяпти.

Буларнинг исталган бири таълим жараёнларига таъсир қилиши мумкин. Худди ҳозирги аномал совуқ каби. Қаттиқ иссиқ ёки қаттиқ совуқ сабаб мактаб, коллеж, ОТМлар исимаслиги ёки ҳаддан ортиқ иссиқ бўлиб дарс ўтиш имкони маълум муддат чекланиши мумкин. Таълимда ҳаммасини келган жойидан фақат кейинроқ давом эттириб кетиш эса вариант эмас.