Жаҳон | 09:53 / 17.01.2023
4646
2 дақиқада ўқилади

ЕИ: Россиянинг Днипрога ракета ҳужуми уруш жиноятидир

Европа Иттифоқи Россиянинг Днипрога ракета ҳужумига жавоб чораларини ва Путин томонидан можаронинг кучайтирилишини муҳокама қилмоқда. «Европа Иттифоқининг позицияси ҳар доим кучайишнинг ҳар қандай белгиларига жавоб беришдан иборат», деди ЕИ комиссияси вакили.

Фото: Reuters

Россия Украинадаги одамларнинг омон қолиши учун зарур бўлган муҳим инфратузилмага ҳужум қилишга қарор қилганидан сўнг, можарони янада кучайтирди. Бу ҳақда 16 январ, душанба куни Европа комиссияси матбуот котиби Петер Стано маълум қилди. «Энди гап тинч аҳолининг уйларига кўпайиб бораётган ҳужумлар ҳақида кетмоқда», деди Стано DW мухбирининг 14 январ куни Днипрога 40 нафар тинч аҳолининг ҳаётига зомин бўлган ракета ҳужуми ҳақидаги саволига жавобан.

«Россия ўзининг ғайриинсоний қиёфасини кўрсатишда давом этмоқда ва шафқатсиз ракета террорини қўлламоқда. Бундай ҳаракатлар уруш жиноятларини ташкил этади ва зудлик билан тўхтатилиши керак. Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррел айтганидек, улар жазосиз қолмайди», - дея таъкидлади Еврокомиссия вакили.

У Европа Иттифоқи позицияси ҳар доим можароларнинг ҳар қандай кучайишига жавоб беришдан иборат бўлганини тушунтирди ва Брюсселнинг Кремль томонидан вазият кескинлаштирилишининг янги белгиларига муносабати ҳақидаги муҳокамалар ҳозирда давом этаётганини айтди. Хусусан, бу мавзу 22 январ куни Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кенгашида муҳокама қилинади.

Мавзуга оид