Жаҳон | 21:09 / 18.01.2023
29546
2 дақиқада ўқилади

Лавров Ғарбнинг Марказий Осиё давлатларига босими ҳақида гапирди 

Унинг сўзларига кўра, Ғарб Марказий Осиё давлатларидан Россияга санкцияларни четлаб ўтишда ёрдам бермасликни сўрамоқда. 

Фото: Kun.uz

Ғарб Марказий Осиё давлатларига босим ўтказиб, Москвага қарши санкцияларга қўшилишини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзди Lenta. 

Вазирнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Япония Марказий Осиё давлатларидан Москва билан ҳамкорликдан бош тортишни талаб қилмоқда, чунки уларнинг фикрича, «Россия Ғарб билан урушда ютқазади». Шу сабабли улар «ғолиб томонга»га олдиндан ўтиб олишни таклиф қилмоқда. 

«Бундай оғзаки таъсирлардан ташқари, таҳдидлар билан жиддий босим қилинмоқда: сиз бизнинг бозорларимизни ва мамлакатингизга киритмоқчи бўлган сармояларимизни йўқотасиз, Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам беришга журъат этманг», деди дипломат. 

Лавровнинг қайд этишича, Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари бундай таҳдидларни ҳисобга олишга мажбур. 

«Биз ҳар бир дўстона давлатдан: «Биз аксилроссия санкцияларига қаршимиз», дейишни талаб қилмаймиз. Бизга уларнинг санкцияларга қўшилмаганининг ўзи кифоя», деб таъкидлади Ташқи ишлар вазири. 

Вазир Россия томони дўстона ҳамкорлар билан биргаликда «ғарб ҳамкасбларининг инжиқлигига боғлиқ бўлмаган ҳамкорликнинг янги механизмлари ва янги воситаларини муваффақиятли ишлаб чиқаётгани ва топаётгани»га эътибор қаратди. 

Мавзуга оид