Жаҳон | 00:07 / 18.01.2023
11027
2 дақиқада ўқилади

ЕИ Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакетида «бўшлиқларни ёпади» 

Европа Иттифоқининг янги санкциялари аввалги чекловлардаги бўшлиқларни ёпишга қаратилади. 

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи Россияга қарши янги, ўнинчи санкциялар пакетини киритишга тайёрланмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен маълум қилди. Унинг сўзларини CNN келтирди. 

Еврокомиссия раҳбарига кўра, ўнинчи пакет, асосан, Россия томонидан четлаб ўтилаётган аввалги санкциялардаги «бўшлиқларни ёпиш»га қаратилган. Европа Иттифоқи санкцияларини четлаб ўтадиганлар учун катта оқибатлар мавжуд. 

Аввалроқ Еврокомиссия раҳбари Давосда бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида (WEF) сўзга чиқиб, Европа Иттифоқи Россияга нисбатан тарихдаги энг кучли санкцияларни жорий қилганини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, чекловлар натижасида Россия иқтисодиёти ўнлаб йиллар давомида регрессияга дуч келади ва Россия саноати ҳар қандай замонавий муҳим технологиялардан маҳрум бўлади. У Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берди. 

Европа Иттифоқи уруш бошланганидан бери Россияга қарши мунтазам равишда санкциялар киритиб келмоқда. Аввалроқ Еврокомиссия россиялик 200 га яқин амалдор ва ҳарбийларга қарши шахсий санкциялар киритишни таклиф қилган эди. Уларнинг Европа Иттифоқига киришига рухсат берилмаслиги ва Европадаги активлари музлатилиши тахмин қилинган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид