Яқинда Тошкентда сиам эгизакларини тиббий йўл билан ажратиб олишганини кўпчилик қизиқиш билан қарши олди. Бу ноёб тиббий амалиёт ўзбек шифокорлари томонидан илк марта амалга оширилиб, қирғизистонлик эгизаклар ажратиб олинди.

Бундан 36 йил олдин, 1987 йил 6 сентябрда шифокорлар биринчи марта сиам эгизакларини ажратишга муваффақ бўлишганди. Германияда бошлари бирлашган ҳолда туғилган икки етти ойлик ўғил бола ажратиб олинди.

Кейин америкалик нейрохирург Бенжамин Соломон Карсон бошчилигидаги бир неча ўнлаб жарроҳлар гуруҳи деярли бир кун давом этган кўп соатлик операция давомида илгари имконсиз бўлиб туюлган нарсанинг мумкин эканини исботлади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг статистик маълумотларига кўра, Европада 80 минг туғилишдан биттаси сиам эгизакларининг туғилиши билан тугайди, дунёда эса 60 мингдан бири. Бундай эгизакларнинг катта қисми қизлар бўлади.

Бундай чақалоқларнинг деярли ярми ўлик туғилади. Сиам эгизакларининг тахминан 70 фоизи биринчи ойларда вафот этади. Бироқ тарих сиам эгизаклари бир неча ўн йиллар давомида яшаган ҳолатларини билади. Уларнинг баъзилари билан қуйида танишамиз.

Чанг ва Энг Бункер

1811 йилда Сиамда (ҳозирги Таиланд) туғилган ва цирк артистлари сифатида бутун дунёга машҳур бўлган Чанг ва Анг Бункерлар туфайли бирлашган эгизаклар сиам эгизаклари деб аталди.

Чанг ва Энг Бункер 63 йил бирга яшашди

 

Ака-ука Бункерлар бир-бирининг кўкраги билан бирлашдилар. Улар жуда узоқ ва муваффақиятли ҳаёт кечиришди, ҳатто оила қуриб ўзларидан авлод қолдиришди. Чангнинг ўнта, Энгнинг ўн битта фарзанди бор эди.