Ўзбекистон | 12:34 / 04.01.2022
67295
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги ягона ва ажралмас сиам эгизаклари

Фотима ва Зуҳра Ҳолиева 2012 йилда дунёга келган. Ҳозирда 9 ёшда бўлган эгизаклар 2017 йил Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Ногиронлиги бўлган шахслар мурувват болалар уйига олиб келинган. Шундан буён улар мана шу масканда яшаб, таълим-тарбия олмоқда.

Ўзгалардан ажралиб турадиган эгизаклар яшаш тарзи бошқа болалардан фарқли. Улар икки хил фикрлашга эга. Фотима чаққонроқ бўлса, Зуҳрада нутқ қобилияти кўпроқ ривожланган.

Тарбиячиларнинг таъкидлашича, Фотима машғулотларда шошқалоқроқ, Зуҳра мана шундай пайтда қийинчиликларга дуч келади ва танасида бирга яшаётган эгизагига секинроқ ҳаракат қилишини айтади.

Мутахассислар томонидан мазкур эгизакларни операция қилиш ва ажратиш масаласи бир неча маротаба ўрганилган. Бироқ Фотима ва Зуҳранинг айрим аъзолари битта эканлиги сабаб операция қилиш мумкин эмас.

Эгизаклар ҳаёт тарзида жуда кўплаб қийинчиликларга дош беришга мажбур. Бири овқатланганда иккинчиси кутиб туриши, ухлаётганда эса бири уйғониб кетса, иккинчисининг ҳам уйқуси бузилиши мумкин.

Шунингдек, ётганда бирининг устига иккинчиси чиқиб қолиши оқибатида юракда ортиқча босим юзага келиши мумкин.

Икки тана бирлашиб яшаётган эгизакларнинг шахмат ўйнаётгани, рақсга тушаётгани, умуман, яшаш учун курашаётгани таҳсинга сазовор. Ўйлаймизки, Фотима ва Зуҳра Ҳолиевалар мана шу қийинчиликни бардош билан енгиб, узоқ умр кўришади.

Абдували Қурбонов

Тасвирчи ва монтаж устаси Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид