Жаҳон | 13:07 / 23.01.2023
17920
2 дақиқада ўқилади

ISW: Бахмутнинг осон таслим бўлиши Украинага қимматга тушарди

Агар Украина Россия қўшинларига Бахмутни осонгина эгаллашга имкон берганида, у ўз мудофааси учун ҳозир тўлаётганидан анча юқори нарх тўлаган бўларди. Бундай хулоса Америка урушни ўрганиш институтининг (ISW) навбатдаги шарҳида келтирилган. 

Фото: Vladyslav Smilianets / REUTERS

«Бахмутнинг ўзи оператив ёки стратегик аҳамиятга эга эмас, аммо агар Россия қўшинлари уни нисбатан тез ва осонлик билан эгаллаб олганида, улар Украинани шошилинч равишда камроқ қулай ерларда мудофаа позицияларини жиҳозлашга мажбур қиладиган ҳужум операцияларини кенгайтиришга умид қилиши мумкин эди», деб ҳисоблайди ISW экспертлари. 

Уларнинг таъкидлашича, Россия 2022 йилнинг май ойидан бери Бахмут ҳудудига кучлари ва техникасини ўтказмоқда, бироқ унинг мудофаасига жиддий таҳдид солиши мумкин бўлган операцион жиҳатдан муҳим муваффақиятларга ҳали эришмаган.

Германия Федерал разведка хизмати (BND) Бундестаг экспертлари учун хавфсизлик сиёсати бўйича ёпиқ ҳисоботида Украина Қуролли кучлари Бахмут учун жангларда катта йўқотишлар кўргани ҳақида маълум қилганди.

Немис разведкаси маълумотларига кўра, Украина армияси ҳар куни шаҳар учун жангларда юзлаб аскарларини йўқотяпти.

Шу билан бирга, BND Бахмутнинг Россия томонидан қўлга олиниши жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида огоҳлантирди, чунки бу Россия Қуролли кучларининг Украинага янада чуқурроқ кириб боришига имкон беради. 

Мавзуга оид