Аввало атаманинг келиб чиқишига тўхталамиз: “Қонундаги ўғрилар” (“Воры в законе” ёки “законники”) бу жиноят оламининг энг нуфузли қатлами бўлиб, улар ўз қонунларига, яъни ўғрилар қонунига ҳар қандай ҳолатда ҳам оғишмай амал қиладиган одамларни англатади. Яъни бу ерда жамият томонидан қўлланадиган қонунлар билан адаштирмаслик лозим. Бундай тоифа давлатнинг ҳар қандай структуралари, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқаларни тан олмайди, одатда оила қурмайди, бойлик тўпламайди ва ўз фаолиятини махфий олиб боради.

Умуман, бу тоифа ўғриларнинг тахминан бир асрлик қонунлари йиллар давомида ўзгариб, такомиллашиб борган. Уларнинг айримлари, анъанавийлари қуйидагилардир:

  • Ўғрилик ғояларига садоқат ва қўллаб-қувватлаш;
  • Орган ходимларининг ҳар қандай буйруғини бажармаслик, терговларда ҳеч қачон кўрсатма бермаслик, айбни тан олмаслик;
  • Сиёсий фаолият билан шуғулланмаслик, ҳарбий тузилмаларга қўшилмаслик;
  • Панжара ортида ўғрилар қонуни ва мустаҳкам назоратни ўрната билиш, зиддиятлар, урушларнинг олдини олиш;
  • Ўғрилар “общаг”и, яъни ўзига хос умумий ғазнани мунтазам тўлдириб бориш ва йиғимларни ҳам, харажатларни ҳам оқилона бажариш;
  • Ота-онага, айниқса, онага ҳурмат;
  • Ёшларни “тўғри ҳаёт”га ўргатиш;
  • Аёлларни зўрламаслик, зўрлаганларга шафқат қилмаслик, шу билан бирга бирор аёл билан давомли муносабат ўрнатмаслик;
  • Зарурат бўлмаса, келгусида бу заруратни исботлай олмаса одам ўлдирмаслик;
  • Исботсиз айблов эълон қилмаслик, ҳар қандай ҳақоратлардан чекланиш;
  • Нафақат озодликда, балки қамоқда ҳам жамиятга фойда келтирувчи ишлар билан шуғулланмаслик. Яъни шунчаки ишламаслик;
  • Ўзиникилар, яъни ўғриларникини ўғирламаслик.

Қонундаги ўғриларнинг энг нуфузли ва саноқлилари тож кийишдек ўзига хос шарафга муносиб кўрилган ва уларнинг сўзлари ҳамда ҳукмлари бу доирада ўзига хос қонун даражасида қабул қилинган.

Қонундаги ўғриларнинг шаклланиш тарихи 1930 йилларга, Россия бўйлаб сочилиб кетган каторгалар/қамоқхоналарга бориб тақалади. Ўша йилларда давлат томонидан олиб борилган кенг қамровли жамоалаштириш ҳамда мажбурий меҳнатга жалб қилиш жиноят олами вакилларини бирлашишга, ўзаро ҳамжиҳатликка мажбур қилади. Бундай тўдаларнинг шаклланиши самарадорликни ошириш, ҳимоя каби афзалликларга эга бўлган. Шу билан бирга ҳар қандай жамоа маълум қонун-қоидалар асосида яшашга мажбур эди. Айнан мана шу вазиятда қонундаги ўғрилар ёки ўғрилар қонуни ишлай бошлади.