Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистонда электр энергияси тарифи 30 фоизга ошади
Қирғизистонда аҳоли учун электр энергияси тарифи май ойида 30 фоизга оширилиб, киловаттига 1 сом (130 сўм атрофида) деб белгиланади. Президент Садир Жапаров мамлакат энергетикасини “чалажон аҳволда” деб таърифлаб, нарх ошириш заруратини шундай изоҳлади: “Акс ҳолда, энергетикамизни абадий йўқотиб қўйишимиз мумкин”.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакат аҳолисига мурожаат қилиб, ҳукумат электр энергияси нархини оширишга мажбур бўлаётганини маълум қилди.
Унга кўра, 2023 йил май ойидан бошлаб мамлакатда аҳоли учун электр энергияси нархи 30 фоизга ошиб, 1 кВт/соат учун 0,77 сомдан 1 сомга (тақрибан 100 сўмдан 130 сўмга) етади.
“Совет пайтида бизда ортиғи билан электроэнергия ишлаб чиқарилар ва биз уни қўшни давлатларга экспорт қилардик. Мустақиллик йилларида, афсуски, бирорта ҳам гидроэлектрстанция қурилмади.
Аҳолимиз сони бир ярим баробарга ошди. Қурилишлар миқдори бир неча баробарга кўпайди. Агар 1991 йилда электр энергияси истеъмоли 9 млрд бўлган бўлса, бугунги кунда бу 16 миллиардни ташкил этмоқда.
Юқори қувватдаги трансформаторлар ва юқори кучланишли линиялар ҳам янгиланмади. Электр ускуналарининг эскирганлик даражаси 80 фоиздан юқори. Бу иншоотлар иттифоқ пайтида қурилган ва ҳалигача ишлаяпти.
Шу билан бирга, энергетика соҳасининг қарзи 137 млрд сомни ташкил этмоқда. Қўпол қилиб айтганда, маҳаллий энергетика чалажон аҳволда”, – дея ёзди Жапаров Facebook'даги саҳифасида эълон қилган мурожаатида.
Қирғизистон президентига кўра, охирги 15 йилдан буён мамлакат қишки вақтда қўшниларидан 3 млрд кВт/соат электр энергиясини 3 сомдан импорт қилиб, аҳолига 0,77 тийиндан сотиб келган.
Жапаров ўтган йили тоғ-кон саноати учун мўлжалланган тариф қарийб 5 сом, давлат корхоналари учун эса 3 сом 40 тийин этиб белгилангани, лекин аҳоли учун тарифлар 0,77 тийин бўлиб ўзгармай қолганини таъкидлаган.
“Шу тариқа, энергетика тармоғининг қарзи кўпайишига йўл қўймаслик чоралари кўриляпти. Биз келажакда унинг қарзини тўлиқ тўлаймиз. Мамлакатни ўзимизнинг электр энергиямиз билан тўлиқ таъминлаш имкониятига эга бўламиз.
Шу мақсадда ўрта ва кичик ҳажмлардаги қарийб 50 та ГЭС қуриляпти, Қамбар-ота-1 ГЭСи қурилишига тайёргарлик кетяпти (йўллар, кўприк, туннел, электр узатиш ҳаво линиялар ва ҳ.к.)”, – дея қайд этган Садир Жапаров.
У қаттиқ совуқ сабаб мамлакатга энергияга бўлган талаб ошиб кетгани, айни кунларда рўй бераётган узилишлар йирик аварияларнинг олдини олиш учун кўрилаётган мажбурий чора экани, акс ҳолда бутун Марказий Осиё бирлашган энергия тизимида авария юзага келиб, 2022 йил 25 январда бўлгани каби блэкаут такрорланиши мумкинлигини билдирган.
“Оддий тилда айтганда, эски ва яроқсиз автомобилни капитал таъмирлагандек, давлат ҳам ускуналарнинг эскилигига қарамай, ўз профессионаллари ёрдамида қишга яхши тайёргралик кўрди.
Худо хоҳласа, биз қишдан яхши чиқиб оламиз. Алоҳида ноқулайликлар бўлган бўлса, аҳолидан узр сўрайман”, – деган Қирғизистон раҳбари.
У юқоридагилардан келиб чиқиб аҳоли учун электр энергияси тарифи май ойидан бошлаб 0,77 тийиндан 1 сўмгача оширилаётганини маълум қилган.
“Агар бундай қилмасак, энергетика соҳамизни абадий йўқотиб қўйиш хавфига дуч келамиз. Чунки бизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 21 тийинлик таннархига энергетикларнинг иш ҳақлари, эски трансформаторларни янгилаш, ўтказгичлар, симёғочларнинг харажатлари қўшилиб, 1 кВт/соат электр энергияси якунда 2 сом 38 тийинга айланади.
Қолганини ўзингиз таҳлил қила оласиз”, – деган президент қирғиз халқига мурожаатида.
Қайд этиш лозим, қаттиқ совуқ кунларида Қирғизистон Тўхтагул ГЭСини ишлатишига тўғри келган. Аввалроқ ўзбекистонлик гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатов “Тўхтагул” сув омборидаги барча гидроагрегатларни ишлатиш ҳисобига, Норин дарёсидан секундига 1000 метр куб сув оқиб ўтаётганини маълум қилганди.
Қирғизистон Жалолобод вилоятидаги бу сув омбори Ўзбекистоннинг қатор вилоятларидаги қишлоқ хўжалиги учун муҳим аҳамиятга эга. Шу сабабли охирги йилларда икки мамлакат ўзаро келишиб, қишда Ўзбекистон Қирғизистонга электр энергияси экспорт қиладиган, Қирғизистон эса ГЭСдан қишда фойдаланмай, унда сув йиғилишига шароит яратадиган бўлганди.
Мавзуга оид
20:00 / 09.06.2026
“Марказий Осиёда хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларига эҳтиёж қолмаган” — сиёсатшунослар
12:20 / 04.06.2026
Қирғизистон илк марта БМТ Хавфсизлик Кенгаши таркибига сайланди. Ўзбекистон қардош халқни табриклади
19:57 / 30.05.2026
Ўзбекистондан Қирғизистонга юборилган 21 тонна тарвузнинг ортга қайтарилиши сабаби маълум қилинди
15:28 / 28.05.2026