Бербок Европани Киевга ҳарбий ёрдам беришда бирлашишга чақирди
Европа давлатларининг ўзаро айбловлари Украинага тинчлик келтирмайди, фақат Путинга ёрдам беради, деди Германия ташқи ишлар вазири ЕКПАда ва Киевга биргаликда ёрдам беришга чақирди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш ва Киевга жанговар танклар етказиб бериш масаласини муҳокама қилишда Европани ҳамжиҳатликка чақирди. 24 январь, сешанба куни Страсбургда бўлиб ўтган Европа кенгаши Парламент ассамблеясининг (ЕКПА) йиғилишида сўзга чиқиб, у Россия нафақат Украинага, балки Европадаги дунё тартибига, Европа адлия тизимига қарши уруш олиб бораётганини таъкидлади.
Шунинг учун Украинага кўпроқ ҳарбий ёрдам кўрсатиш, уни бошқа соҳаларда, хусусан, гуманитар ёрдам ва Россияни жавобгарликка тортиш масалаларида ҳам кўпроқ қўллаб-қувватлаш зарур, дея таъкидлади Германия ташқи ишлар вазири.
Германияда ишлаб чиқарилган Leopard асосий жанговар танкларини Украинага етказиб бериш бўйича Берлиннинг позицияси ҳақида сўралганда, Бербок Европа давлатларининг ўзаро айбловлари ва ҳарбий ёрдамни таққослашдан воз кечишга чақирди, чунки бу Украинага тинчлик ва эркинлик келтирмайди. Унинг сўзларига кўра, бундай тортишувлар Европани фақат ажратиб туради, бундан фақат Россия ва унинг президенти Владимир Путин фойда кўради.
«Ҳа, биз Украина мудофааси учун кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак. Ҳа, биз танклар масаласида кўпроқ иш қилишимиз керак. Лекин асосий ва ҳал қилувчи нарса - буни биргаликда қилиш ва Европани айблаш керак эмас, чунки биз бир-биримизга қарши эмас, балки Россияга қарши урушдамиз», — дея қўшимча қилди Германия ТИВ раҳбари.
Германия ҳукумати раҳбари Олаф Шольц бир неча бор танқид қилинди, жумладан, ҳукмрон коалициядаги тарафдорлари орасида Украинага танклар етказиб бериш масаласида қарорсизлиги учун. Расмий Берлин ўз позициясини Россиянинг Украинага қарши уруши авж олиши таҳдиди ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатиш масаласида халқаро мувофиқлаштириш зарурлиги билан изоҳлайди.
Айни пайтда, Германия мудофаа вазири Борис Писториус 24 январь куни Германияга Leopard 1 ва 2 танкларини ишлаб чиқарувчи сифатида алоҳида масъулият юкланишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Leopard 2 танкларини инвентаризация қилиш натижалари тез орада тайёр бўлади, бу тартиб қарор қабул қилиш учун зарурий шартдир. Агар ревизия натижалари ижобий бўлса, бу яқин кунларда амалга ошиши мумкин, тезда ҳаракат қилиш, машғулотлар ўтказиш ва шунга мос равишда қуролларни етказиб бериш мумкин, дея қўшимча қилди Писториус.
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024