Путиннинг чўнтак армияси: ёлланма аскарлар ва маҳкумлар тўдаси – «Вагнер»
Россиянинг Украинага босқинида «Вагнер» гуруҳи борган сари фаол қатнашмоқда. Соледарни мустақил эгаллаганини иддао қилаётган гуруҳ асосчиси Евгений Пригожин Россия армияси қўмондонларини ҳам менсимаяпти, қамоқдан урушга олиб кетилган вагнерчилар штаб бошлиғини бемалол ҳақорат қилмоқда. Путиннинг собиқ ошпази бундай «мақом»га қандай эришди?
Украинадаги уруш бу мудҳиш жараённинг барча разилликларини бўй-басти билан намоён этадиган паллага кирди. Шу пайтгача тан олинмаган ёки борлиги инкор этиб келинган «Вагнер» гуруҳи очиқ фаолият юрита бошлади ва халқаро ҳамжамиятга ҳам чақириқлар билан чиқмоқда. Кўпчилик ўйлаганидек, бу ёлланма тўда шу уруш давомида пайдо бўлиб қолгани йўқ, у 10 йиллик тарихга эга. Ҳозирча гуруҳ Россия ҳукумати томонидан молиялаштирилиб, бошқарилиши расман тан олинмаган. Аммо ҳамма биладики, бу Путиннинг бевосита назоратидаги армия.
Тарихи
2013 йилда Moran Security Group хусусий ҳарбий компаниясининг рус менежерлари Вадим Гусев ва Евгений Сидоров савдо кемаларини қароқчилардан ҳимоя қилиш хизматини кўрсатувчи «Славян корпуси» номидаги яна бир компанияни Ҳонгконгда рўйхатдан ўтказишади ҳамда расмий фаолият бошлашади. Уларнинг дастлабки буюртмаси Суриядаги нефт конлари ва қувурларини қўриқлаш бўлиб, компания бунинг учун 267 кишини ёллайди. Аммо бу давлатдаги уруш тобора кучайиши ортидан «Славян корпуси» жангчилари ҳам унга аралашиб кетади ва қатор ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишади.
Аскарлар ва компания соҳиблари гуруҳ бўлиб Россияга қайтишлари билан бошқа давлат ҳудудида ҳарбий ҳаракатлардаги ёлланма иштироки учун ҳибсга олинади. Улардан бири подполковник мақомидаги Дмитрий Уткин бўлиб, унинг ҳарбий лақаби «Вагнер» эди. 2014 йилда Россия Украина ҳудудида қатор операциялар бошлайди ва Дмитрий Уткин сирли равишда Луҳанскда пайдо бўлади. Бу ҳибсдаги ёлланма аскарлар билан ҳукуматнинг норасмий келишувига оид дастлабки белги бўлган.
Шу ўринда кўпчиликда савол туғилади: миллионлик расмий армияси, шунча қуроллари бўлган Россияга ёки Путинга ёлланма аскарларнинг нима кераги бор эди? Аслида барча йирик давлатларда ҳам махфий операцияларни бажарадиган жосуслар, яширин гуруҳлар мавжуд. Улар тан олинмайди, қўлга тушган ҳолатда ҳеч ким улар учун жавобгарликни зиммасига олмайди. Россия вазиятга кўра бундай гуруҳни ўта катта ҳажмда, алоҳида қўшин шаклида тузди ва унинг дастлабки вазифаси «рус изи»ни қолдирмаган ҳолда ҳарбий операцияларни бажариш эди.
Бугунги кунга келиб эса «Вагнер» номидаги тузилма кенгая-кенгая ҳатто кўпчилик давлатларнинг қуролли кучларидан ҳам улканроқ армия шаклига кириб қолди.
Подполковник Уткинга қайтамиз. У тузилмани дастлаб бошқарган, «Вагнер» лақаби гуруҳ номига берилган бўлса-да, тез орада назорат марказ томонидан қайта кўриб чиқилди ва бугунги куннинг ўзига хос «қаҳрамони»га айланган Евгений Пригожин майдонга чиқди.
Пригожин ким ўзи?
Россия элитасининг аксарият вакиллари сингари Пригожиннинг келиб чиқиши ҳам Санкт-Петербург шаҳрига бориб тақалади. Бугунги кунда Россия, «ЛХР» ва «ДХР» қаҳрамони дея улуғланадиган Евгений Пригожин 62 ёшда ва тадбиркорлик фаолияти билан тилга тушган. У ташкил қилган «Конкорд» фирмаси ҳукумат вакилларига зиёфатлар уюштириш билан шуғулланган ва бунинг ортидан Пригожинга «Путиннинг ошпази», «Кремль ошпази» каби лақаблар тиркалган.
Аммо Пригожин бу безарар соҳа билан чекланиб қолмайди ва юқори эшелонларга тобора кўпроқ суқилиб кириб, зимдан шипшитиладиган буйруқларни ҳам бажара бошлайди. Унинг ташкилотчилик қобилияти ва айёрлиги муносиб баҳоланиб, «Вагнер» бошқаруви топширилади. Ҳарбий тажрибаси ҳам, салоҳияти ҳам бўлмаган Пригожин ўзига юклатилган вазифаларни яхши англарди – нима қилиб бўлса ҳам, қайси усулларни қўлласа ҳам жирканч операцияларни бажариш ҳамда расмий ҳукуматга ёпишиши мумкин бўлган ифлосликларни зиммасига олиш.
Дастлаб мутлақ махфийликка амал қилинади ва қоидага кўра ҳар икки томон бир-бирини – ҳукумат «Вагнер»ни, «Вагнер» ҳукуматни тан олмай фаолият юритади. Аммо Украинадаги операциялар локал зиддиятлар доирасидан чиқиб, ҳақиқий урушга айланиб кетгач, Россия «махсус ҳарбий операция» дея номлаб, кенг қамровли ҳарбий ҳаракатларга киришади ва «Вагнер»нинг махфий юришидан ҳам маъно қолмайди. Евгений Пригожин энди қамоқхонадаги маҳкумларни, пул эвазига ҳеч нарсадан қайтмайдиган хорижлик каллакесарларни ҳам ёллаб, ўз сафини кенгайтиришга киришиб кетади.
Унинг колониялардан биридаги маҳкум/жиноятчиларга қарата: «Ватан олдида ўз айбингизни ювиб, қаҳрамонга айланиш имкониятингиз бор», дея сўзлаган нутқи кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлади. Чунки бундан олдин Россия пропагандаси Украина ҳимояси учун қамоқхонадаги маҳкумлар ҳам жалб этилаётганини масхара қилган, жиноятчиларга суянган давлат тез орада таназзулга учраши ҳақида таъкидлаганди.
«Вагнер» аскарлари сони ва таъминоти
Бу ёлланма тўда «вагнерчилар», «музикантлар», «оркестр» номлари билан ҳам аталади. Ундаги аскарлар сони ҳақидаги маълумотлар ҳам турлича. Чунки «Вагнер» қўшинлар таркиби ҳақидаги маълумотларни ошкор қилмаслик билан бирга ўлганлар сонини ҳам кўпинча сир тутади. Фақат айрим ҳолларда жанговар руҳни кўтариш учун қайсидир ўлган аскарнинг дабдабали мотам маросими уюштирилади, яқинларига ёрдам берилиши таъкидланади.
Нисбатан тасдиқланган маълумотларга кўра, 2016 йил мартида 1000 кишидан иборат бўлган тўда 2017 йилнинг декабрида 6000, 2022 йилнинг апрелида эса 8000 кишига етган. Бугунги кунда янада кенгайгани аниқ.
Таъминот бўйича ҳам турлича рақамлар келтирилади. «РБК» нашри ҳисоб-китобларига кўра «Вагнер»нинг йиллик таъминоти 5,1–10,3 млрд рубл атрофида. Бу эса тахминан 150 млн доллар демакдир. Аммо сўнгги йил якуни ва уруш давридаги ҳисобот бу рақамни каррасига ошириб юбориши аниқ. Вагнерчиларга маошлар нақд пул шаклида берилади, улар бирор жойда расмий ишлаши қайд этилмайди. Шунингдек, босиб олинган ҳудудларидаги ўлжалари ҳам назорат қилинмайди.
Амалга оширилган операциялар
Узоқ йиллар расмий Москва «Вагнер»га алоқадор ҳар қандай маълумотларни рад этиб келди. Айниқса, Суриядаги қатор операцияларда яққол далиллар тақдим қилинганда ҳам Путиннинг матбуот котиби Песков «Бизнинг бу ишларга алоқамиз йўқ ва бу одамлар кимлиги ҳақида маълумотга эга эмасмиз», дея гапни қисқа қилди. Аслида Сурия ҳудудидаги вагнерчилар сони мунтазам ошириб борилган ва 2022 йилга келиб 3 минг кишига етган.
Улар иштирокида Сурия ҳукумати тарафдорлари қўллаб-қувватланади ва вагнерчилар Ҳашам жангида фаол қатнашади. Ундан ташқари, Башар Асадга қарши исён кўтарган ал-Бута тутиб олиниб, улкан болғалар билан шафқатсизларча ўлдирилади ва бутун жараён видеога олиб тарқатилади.
Ливиядаги вагнерчилар сони янада кўплиги айтилади. Унинг сафида 7 мингдан ортиқ аскар ва 30 та реактив самолёт жанговар ҳаракатларда иштирок этади. Бундан ташқари, Марказий Африка Республикаси, Судан, Мали, Мозамбик, Буркина-Фасо каби давлатларда ҳам «Вагнер» изларини пайқашган. Ҳар доимгидек на Россия, на ўша давлатларнинг ўзи ва на «Вагнер» бу операциялардаги иштирокини тан олган.
Аммо юқоридаги давлатлардаги жараёнларнинг ҳеч бири Украинадаги уруш каби кўлам касб этмади. 2022 йил февралида Россия Украинага бостириб кирган пайтда «Вагнер» ва ҳукумат ўртасида ола мушук ўтган кунлар эди. Тезда ҳаммаси унутилди, «Вагнер» жанговар гуруҳининг хориждаги вакиллари ҳам чақирилди ва тўдага алоҳида йўналишларда вазифалар топширилди.
Бу урушда «Вагнер»нинг шов-шуви шу қадар ошиб кетдики, Мариуполни эгаллаганини даъво қилган Рамзон Қодиров ва қодировчилар ҳам кўзга кўринмай қолди. «Вагнер»га, хусусан унинг раҳбари Евгений Пригожинга қатор давлатлар санкциялар киритди. АҚШ ҳукумати «Вагнер»ни трансмиллий жиноий ташкилот деб эълон қилди. Бу орада вагнерчилар отряди бошлиғи бўлган Андрей Медведев Норвегияга қочиб ўтди ва Пригожинга қарши кўрсатма бериш, тўда ҳақида маълумотлар тақдим этиш истагини билдирди.
«Вагнер»нинг Украинадаги фаолияти нафақат халқаро миқёсда, балки Россиянинг ўзида ҳам қатор зиддиятларга сабаб бўлди. Тийиқсиз Пригожин Россия мудофааси бош штаби раҳбари Валерий Герасимов билан очиқ жанжаллашишгача борди. Бу очиқ можаронинг ўзига хос жиҳати шунда эдики, Герасимов, яъни бош штаб бошлиғи Россия қуролли кучларининг энг юқори ҳарбий амалдори эди. Яъни бу ҳолат Россиядаги кучлар орасида жарлик борлигини аён қилган.
«Вагнер» бугунги кунда
Юқорида айтилганидек, «Вагнер» энди очиқдан очиқ фаолият юритаётган ҳарбий тўда ҳисобланади ва у Россия манфаатларини ҳимоя қилади. Унинг раҳбари Евгений Пригожиннинг ваколатлари шу қадар кенгайиб кетдики, у Санкт-Петербург шаҳрида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси офисини очди ва улкан бинони эгаллаб, расмий фаолият олиб бормоқда. «Адолатли Россия» партияси лидери Мироновдан «Вагнер» ҳақида сўралганида «Россия манфаатларини ҳимоя қиладиган ҳар қандай кучлар қаҳрамонлардир ва улар қўллаб-қувватлашга лойиқ», деб жавоб берди. Бу Путин қўл остидаги рус сиёсатчилари ва партиялар қуролли тўдани тан олаётганини англатади.
«Русь сидящая» хайрия фонди раҳбари Ольга Романованинг маълумотларига кўра, 2022 йил давомида ва 2023 йилнинг ўтган даврида «Вагнер»га жалб қилинган 50 минг нафардан ортиқ маҳкумларнинг (бу гуруҳнинг жами аъзоларининг тахминан 90 фоизи) фақат 10 мингдан камроғи бугун жангларда иштирок этмоқда. Қолганлари жангларда ҳалок бўлган ёки яраланган, украинларга асир тушган ёки қочиб кетган.
Романованинг тахмин қилишича, «Путинга урушда ғолиб бўлишни ваъда қилган» Пригожин бедарак йўқолганлар ёки дезертирлик қилган маҳкумлар статистикасини юритмаяпти ва уларнинг барчасини шунчаки ҳалок бўлганлар рўйхатига қўшмоқда. ОАВда ҳам хусусий ҳарбий компания маҳбусларнинг қариндошларига бўш тобутларни юбораётгани ҳақида хабарлар чиқиб турибди.
АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Украина ҳудудидаги тўда аъзоларининг 80 фоизидан ортиғи маҳкумлардир. Минг афсуски, тўда сафида ўзбекистонликлар ҳам бор ва уларнинг айримлари ҳалок бўлган.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
19:41 / 15.11.2024