26 январ куни Kun.uz'га шу мазмундаги онлайн мурожаат келиб тушгач, “Tаshkent Index” савдо-ишлаб чиқариш мажмуасида ташкил этилган ётоқхонага етиб бордик. Мажмуа ҳудудига етиб борибоқ кўрганимиз ёппасига кўч-кўронини йиғиштираётган талабалар бўлди.

Биз вазиятга ойдинлик киритиш учун юкларини йиғиштириб кетаётган талабаларга микрофон тутдик. Аммо савдо мажмуасининг қўриқлаш хизмати ходимлари ва ОТМ ўқитувчилари назорати ҳамда қаршилиги сабаб улар билан суҳбатлашишимиз осон бўлмади.

“Шу пайтгача ётоқхонамизда жой йўқ эди. Ҳозир 4-курслар амалиётга чиқяпти, шунинг учун талабаларни ётоқхонага олиб бориб жойлаштирамиз”, – деди Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиларидан бири.

Нега, қаерга чиқиб кетяпсиз мазмунидаги саволларимизга худди шу университетнинг бир нечта талабаларидан жавоб олдик.

“Бу ерда 8 киши турар эдик. Ҳозир ўз хоҳишимиз билан ижарага чиқмоқчимиз. Ётоқхонага ҳам болаларни олиб кетишяпти, лекин биз ижара уйга чиқмоқчимиз. Ўз хоҳишимиз билан”, – дейди улардан бири.

“Билмадим нега чиқиб кетаётганимизни. “Сроги” тугагандир...” – дейди бошқа бир талаба.

Ўзлари ёлғиз ёки ота-оналари билан юкларини йиғиштираётган талаба қизларни учратдик. Улар вақтинча ижарага кўчишаётганини айтишди.

“Стоматология институтида ўқиймиз. Ётоқхонамиз битгани учун бу ердан чиқиб кетяпмиз. Ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ, ҳеч ким қувиб чиқармаяпти. Ҳозирча ижара уйда турибмиз, бир ҳафтада ётоқхонага кўчиришар экан”, – дейди улардан бири.

Кўч-кўронини елкасига ортиб коридорда шошилиб ҳаракатланаётганлар орасидан ўтиб, юклари йиғилган бўлса-да ҳалиям хоналарини тарк этмаган талабаларга микрофон тутамиз. Минг бор ўйланиб улардан бири дардини очади:

“15 дақиқа олдин чиқиб кетишимизни айтишди. Ҳеч бўлмаса, бир неча кун олдин айтиш керак эди. Институт ходимлари келиб, шу ерда турган ҳамма талабани чиқариб юборяпти. Ҳозир ижара уйга чиқиб кетишга мажбурмиз. Институт ётоқхонасига борсак, жой бўлмаса, полга ётишимизни айтишяпти. У ердан ҳам кейин ижарага чиқишимиз керак экан, фақатгина ижара уй топгунча жой бериб туришар экан.