Жаҳон | 09:41 / 27.01.2023
9260
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда россияликлар учун «визаран»нинг бекор қилиниши кучга кирди

«Визаран» энди мумкин эмас. Бундан буён хорижликлар Қозоғистонни тарк этиб, зудлик билан қайтиб келиш орқали у ерда қонуний бўлиш муддатини узайтира олмайди.

Фото: DW

Қозоғистонда 27 январь, жума куни хорижликлар учун ушбу мамлакатга кириш ва қолишнинг янги қоидалари кучга кирди. Энди Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқаролари, жумладан, россияликлар Қозоғистонда 180 кунлик муддат ичида 90 кун бўлишлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, улар энди мамлакатда қонуний қолиш муддатини шунчаки тарк этиш ва дарҳол қайтиб келиш орқали узайтира олмайди.

Илгари россияликлар «визаран» деб аталган схемадан фойдаланиши мумкин эди, бу схема бўйича ҳар уч ойда бир марта чегарани кесиб ўтиш ва қайтиб келиш, шу орқали Қозоғистонда қолиш муддатини узайтириш мумкин эди. Бу уларга мамлакатда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома расмийлаштирмаслик имконини берди. Энди Қозоғистонда узоқ вақт қолиш учун иммигрантлар келиш мақсадини кўрсатган ҳолда вақтинчалик яшаш учун рухсатнома олиши лозим бўлади.

Ўтган йилнинг сентябрида Россияда сафарбарлик эълон қилинганидан кейин кўплаб россияликлар Украинадаги урушга бормаслик учун Қозоғистонга чиқиб кетди. Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Миграция хизмати қўмитаси маълумотларига кўра, сентябр ойида Россиянинг 406 минг фуқароси мамлакатга кириб келган, уларнинг аксарияти - 21-30 сентябр кунлари. Агар бунгача чегарани кунига ўртача 8-9 минг россиялик кесиб ўтган бўлса, сентябр ойи охирида Россиядан ўртача суткалик оқим 30 минг кишига етди, деб хабар берди Tengrinews. Октябрь ойида Россиядан миграция оқими барқарорлашди ва йил охирида кунига 6-7 минг кишидан ошмади.

Мавзуга оид