“Танқид ўринли, аммо статистика керак” – Статистика агентлиги мақолага муносабат билдирди
Тизимни рақамлаштириш ҳамда ҳисобот топширишни соддалаштириш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
Kun.uz’да статистик ҳисобот турлари ва уларда сўралган маълумотларнинг кўплиги, ҳисоботларни онлайн топширишдаги машаққат тадбиркорлар учун ҳақиқий бош оғриғига айлангани ҳақида мақола эълон қилинганди. Статистика агентлиги мақолага расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, халқаро тавсиялар ва илғор хорижий тажрибалар асосида статистика услубиёти такомиллаштириб борилмоқда. “Статистика” интеграллашган ахборот тизими ишга туширилиб, давлат органларининг ахборот ресурслари босқичма-босқич интеграция қилиняпти.
“Статистика идоралари томонидан халқаро тавсияларга мувофиқ ҳамда респондентларга ҳисобот тақдим этиш юкламасини босқичма-босқич қисқартириб бориш мақсадида доимий равишда статистика кузатуви шакллари такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, 2017 йилда статистика ҳисоботи шакллари 115 та бўлган бўлса, 2023 йил учун 98 та ҳисобот шакллари мавжуд. Яъни ҳисобот турларининг қисқариши қарийб 15 фоизни ташкил этган. Ўз навбатида, танланма кузатуви шакллари сони 30 фоизга ошган.
Шунингдек, 62 та статистика ҳисоботи ва иловаларидаги кўрсаткичлар сони 2022 йилга нисбатан жами 3 174 тага ёки 17,7 фоизга қисқартириш орқали соддалаштирилган, 47 та ҳисобот шаклларининг топшириш муддатлари мақбуллаштирилган.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида, 2022 йилга нисбатан статистика ҳисоботлари жами сони 10,9 фоизга, шу жумладан, ойлик ҳисоботлар 14,3 фоизга, мавсумий ҳисоботлар 33,3 фоизга ва йиллик ҳисоботлар 12,2 фоизга қисқартирилган.
Cтатистика агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш борасида статистика маълумотларининг сифати, ишончлилиги, шаффофлиги ва ошкоралигини таъминлаш чораларини кўриб бориш, фаолиятга рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, ахборот тизимлари билан ўзаро интеграцияни амалга ошириш ва альтернатив ахборот манбаларидан фойдаланиш орқали респондентларга хисобот юкини камайтириш каби устувор йўналишлар белгилаб олинган”, — дейилади агентлик расмий муносабатида.
Қўшимча қилинишича, статистика органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида респондентларга консалтинг (маслаҳат) хизматлари шартнома асосида таклиф этилади. Бу ўзаро ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.
Мавзуга оид
15:11 / 05.11.2024
Хусусий тадбиркорлар олиб кираётган машиналар учун яна бир янги тартиб жорий қилинди
13:58 / 31.10.2024
Ўзбекистонда кўпроқ қайси давлат фуқаролари таҳсил олаётгани маълум қилинди
10:50 / 31.10.2024
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлатлар маълум қилинди
08:10 / 29.10.2024