«Украинага босқиндан кейин у мен учун ҳеч ким». Зеленский — Путин ҳақида
У ҳозирда Россияда қарорларни ким қабул қилаётганидан бехабар эканини маълум қилди ва уруш тўхташи шартини айтди.
Украина президенти Володимир Зеленскийни Россия президенти билан учрашув қизиқтирмайди. У Sky News билан суҳбатда Владимир Путин Украинага кенг кўламли босқиндан кейин унинг учун ҳеч кимга айланганини таъкидлади.
«Бу мен учун қизиқ эмас. Учрашиш ҳам гаплашиш ҳам қизиқтирмайди. Чунки биз аллақачон Россиянинг босқинидан олдин „норманд формати“да учрашганмиз. Мен бир гапни айтиб, бошқача иш қиладиган одамни кўрдим», — деган Зеленский мухбирнинг Путин билан учрашув урушни тўхтатишга қанчалик ёрдам бериши ҳақидаги саволига жавобан.
Украинлар етакчиси яна бир бор Россияда қарорларни ким қабул қилишини тушунмаслигини қайд этган. «У [Путин] мен учун ким? Кенг кўламли босқиндан кейин у мен учун ҳеч ким», — дея қўшимча қилган Зеленский.
Украина президенти Россия ҳудудида жанг қилишни истамаслигини таъкидлаган. «Мен шунчаки улар [Россия] имкон қадар тезроқ урушни тўхтатиб, бизнинг мамлакатимизни тарк этишини истайман. Мен шуни аниқ айта оламанки, агар улар бизнинг ҳудудларимиздан кетишса, уруш тўхтайди», — деган у.
Зеленский Россия кучлари Украина шарқида олға ҳаракатланаётганини тан олган. Шу билан бирга РФ қўшинлари улкан йўқотишларга учраётганини қайд этган. «Бу шунчаки ҳаддан ташқари катта рақамлар. Улар бунга тупуришган. Улар шунчаки ўз йўқотишларини ҳисобламайди», — деган украинлар президенти.
У Россиянинг бу урушдаги йўқотишлари Украинаникидан анча кўп эканини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия томонидан «минглаб ҳарбий хизматчилар ўлмоқда». У ўзида Украина томони йўқотишлари тўғрисида аниқ маълумот йўқлигини билдирган.
Зеленский Россия музокараларни истамаслиги, босқинга қадар ҳам шундай бўлганини айтади: «Президент Путин шундай қарорга келган. У музокараларни истамайди, чунки у тинчлик бўлишини истамайди».
«Ишончим комилки, у катта уруш олиб бормоқда. У ҳозирда бутун дунё Украинага ёрдам бераётгани ҳақида ўйламаяпти. У шундай ҳисоблайди: «Хўш, ҳозир Украинада ишлар ўхшамаяпти, кутамиз. Дунё бирдам бўлиб қола олмайди, улар чарчашади ва мен яна олға бораманн». Аммо агар биз бардош бера олмасак, Украинадан кейин бошқа мамлакатларнинг навбати келади», деган Украина етакчиси.
Кремл расмийси Дмитрий Песков эса Украина президенти интервьюсига жавобан, Зеленскийнинг ўзи «аллақачон президент Путин учун эҳтимолий рақиб бўлишни тўхтатгани» ҳақида айтди.
Мавзуга оид
14:00 / 16.11.2024
Умеров: Украина Россия томонидан эгаллаб олинган барча ерларни қайтариб олмоқчи
13:46 / 16.11.2024
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
22:30 / 15.11.2024
Трамп жамоаси билан Украинадаги уруш тезроқ тугайди — Зеленский
22:03 / 15.11.2024