Ўзбекистон | 19:54 / 28.01.2023
56815
3 дақиқада ўқилади

Сўнгги кунларда бир қанча метан-шохобчалар сотувга қўйилган

Бунга ҳаво ҳароратининг кескин совиши туфайли газ тўлдириш шохобчалари устидан ўрнатилган кучли назорат сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Иллюстратив фото

Жорий йилнинг бошида ҳаво ҳароратининг кескин совиши туфайли юзага келган оғир энергетик инқироз фонида Ўзбекистондаги автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари устидан кучли назорат ўрнатилди.

Бунинг ортидан Olx.uz сайтига охирги бир ой ичида бир қанча “метан заправкалар” сотувга қўйилгани ҳақидаги эълонлар жойлаштирилган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, кейинги даврда “метан заправкалар” трансформациясига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

“Бунга ҳайрон бўлмаслик керак. Охирги ўн йилликларда Ўзбекистонда гуркираб кенгайган бизнес, энг юқори маржиналлик ва бозор капитализацияси кузатилган соҳа охирги ойларда жуда оғир дамларни бошдан кечирмоқда.

Расмий рақамларга кўра ойига 200 млн куб, йилига 2,5 млрд куб (норасмий рақамлар янада кўпроқ) газ сотган бизнес мана қозонни сувга ташлаганига яқинда икки ой бўлади. Метан заправкаларнинг аксари кредитларда ё аффилланган бизнеслар пул оқими учун гаровларда экани ҳисобга олинса, туман истиқболда янада қуюқлашади.

Лекин ҳар қандай бизнесда бўлгани каби метан заправкалар ҳам ушбу кризисни янги имкониятлар учун чақириқ деб қабул қилишлари керак. Трансформация, яъни бензин сотуви, суюлтирилган газ сотуви билан диверсификация яратса бўлади. Ва албатта, кунлар исиб, импорт йўлга қўйилиб, газ таъминоти тикланган тақдирда ҳам, ресурслар учун кураш аввалгидек бўлмаслиги ҳисобга олиниши даркор. Газ энди қимматроқ тўлаганники бўлади”, дея таъкидлади Отабек Бакиров.

Kun.uz суҳбатлашган метан заправка эгаларидан бирининг сўзларига кўра, охирги ойларда иш фаолияти одатий режимда амалга оширилмаётганлиги сабабли жиддий зарар кўрилган ва иш фаолиятини ташкил этиш учун олинган қарз маблағларини қайтаришда муаммолар юзага келган.

Аввалроқ, “Ўзтрансгаз” об-ҳаво ҳарорати кўтарилиб, қулай шароит пайдо бўлгач, республикадаги барча АГТКШлар одатдаги иш тартибида ишлай бошлашини маълум қилганди.

Мавзуга оид