Тарих саҳнида бор-йўғи 69 йил яшаган совет иттифоқида барча ишлар ёлғон устига қурилган эди. Мамлакат ички ва ташқи сиёсатда бошқача иш тутар, оммага эса тамомила бошқа маълумотлар бериларди.

Масалан, 1980-йилларда совет армияси Афғонистонда босқинчилик урушини олиб борар, шунингдек, Африка ва Осиёнинг айрим мамлакатларида вазиятни издан чиқариб, қуролли қўзғолонлар ташкил этишда қатнашарди. Совет матбуоти ва телевиданиеси эса «СССР энг тинчликсевар мамлакат» деб тарғибот олиб борар эди.

Шунингдек, бу давлатда кўплаб ишлар оммадан яширилган ва содир бўлган аксарият ҳалокатлар одамлардан сир тутилган.

1957 йилда Челябинск вилоятида жойлашган радиоактив моддалар ишлаб чиқарувчи заводда содир бўлган ҳалокат, 1961 йилда Гагариндан аввал фазога учишга тайёрланган космонавт Валентин Бандаренконинг фожиали ўлими, 1960 йилда Бойқўнғирда қитъалараро баллистик ракетанинг парвоз олдидан портлаб кетиши, 1986 йилда Чернобил АЭСда юз берган авария шулар жумласидан.

Ҳатто айрим фожиалар ҳақида хориж матбуотида аниқ фактларга асосланган хабар берилса, у рад этилган ёки ҳалокатнинг кўлами жуда камайтириб кўрсатилган.

1986 йилда Чернобил АЭСда содир бўлган ҳалокатдан сўнг ҳавога кўтарилган радиоактив моддалар Ғарбий Европагача етиб борган. Ғарб матбуоти СССРда йирик атом ҳалокати содир бўлгани ҳақида ёзаётганида Москва телевидениеси мамлакатга Чернобил АЭСда кичик носозлик рўй бергани, ҳодиса оқибатлари тезда бартараф этилиши ҳақида хабар бераётганди

СССРда содир бўлган кўплаб ҳалокатлар совет иттифоқи парчаланиб кетиши арафасида ёки ундан кейин ошкор бўлади. Унгача одамлар ҳеч нарсани билмаган.

Турли ҳалокатларни яширишдан мақсад битта бўлган: «Советлар мамлакатида ҳаммаси зўр, одамлар бахтли ва фаровон яшаяпти. Бу ерда одамларнинг бавақт ўлимига сабаб бўладиган ҳалокатлар содир бўлмайди».