“2035 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси 45,6 млн кишидан ошиши кутилмоқда” – ПМТИ
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таҳлилларига кўра, 2035 йилгача мактабларда қўшимча 8,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш зарур. Шунингдек, ушбу давргача аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 5−5,3 фоизга ошиши кутилмоқда. Мутахассислар имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил “яшил” технологиялардан фойдаланишга ўтишни тавсия қилмоқда.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари томонидан Ўзбекистонда 2035 йилгача бўлган давр учун аҳоли сони прогнозларининг ижтимоий соҳа ва электр энергияси таъминотига таъсири ўрганилди.
Қайд этилишича, 2035 йилга бориб, Ўзбекистон аҳолиси 45,6 млн кишидан ошиши кутилмоқда. Ушбу йилгача ҳар йили ўрта ҳисобда 900−950 минг гўдак дунёга келади.
3-6 ёш оралиғидаги болаларни мактабгача таълим муассасалари билан қамраб олиш даражаси 90 фоизга етиши кутиляпти ва бунинг учун мактабгача таълим муассасаларида 1 млн 264 минг нафар бола учун янги ўринлар ташкил этиш зарур. Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, 7-17 ёш оралиғидаги болалар сони 9 млн 737,4 минг нафарни ташкил этади. Бу эса мактабларда қўшимча 8,2 миллион ўқувчи ўрнини яратишни талаб қилади. 2035 йилга бориб, амбулатор-поликлиникалар сонини 8450 бирликка (2022 йил бошида 6676 та) етказиш зарур.
Шунингдек, 2035 йилгача бўлган даврда аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби ҳар йили 5-5,3 фоизга ошиши кутилмоқда. Аҳоли ва умуман иқтисодиётнинг ўсиб бораётган талабини қондириш учун 2030 йилгача энергия қувватини мавжуд даражага нисбатан камида 1,7 баробар ошириш талаб қилинади.
Талабнинг тахминан 8-10 фоизини ташкил этадиган мавжуд тақчиллик тўлдирилиши билан ўсиб бораётган аҳолининг электр энергиясига бўлган талаби 2035 йилгача бўлган даврда тахминан 6,2-6,5 фоизга ўсади.
ПМТИ экспертлари тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, қуйидагиларни таклиф этмоқда:
- давлат қарзи ортиб бораётган шароитда фискал юкни енгиллаштириш мақсадида таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий иштирокчилар билан тизимли иш олиб бориш, уларга лицензия ва бошқа рухсатномаларни бериш тартибини соддалаштириш;
- халқ депутатлари вилоят Кенгаши аъзолари бюджет маблағларини тақсимлаш ва ҳудудларнинг ижтимоий инфратузилмасини ўрта муддатли режалаштиришда демографик ривожланиш прогнозларини ҳисобга олиши зарур;
- таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро ва маҳаллий иштирокчилар, шунингдек, тегишли технологияларни етказиб берувчилар Ўзбекистонга сармоя киритиш борасидаги қарорларни қабул қилишда демографик прогнозларни инобатга олган ҳолда, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматларига ўрта муддатли талаб мавжуд эканига ишончи комил бўлиши;
- демографик юкнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда энергетика тизимларини бошқариш ва ривожлантириш борасида мутлақо янги ёндашувларни ишлаб чиқиш талаб этилади. Бунда реал вазият ҳамда имкониятдан келиб чиқиб, Марказий Осиё минтақасида жойлашган мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги интеграцион салоҳиятини жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Миллий энергетика тизимини имкон қадар тезроқ ядро, водород ва бошқа муқобил “яшил” технологиялардан фойдаланишга асосланган янги технологик платформа параметрларига интеграциялашнинг долзарблиги ортиб бормоқда.
Узоқ муддатли истиқболда аҳолини ресурслар билан барқарор таъминлашнинг омили сифатида энергетика, сув ва ер ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни мувофиқлаштирган ҳолда, босқичма-босқич ўтказиш тавсия этилади.
Мавзуга оид
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
08:10 / 23.10.2024
БМТ: Уруш бошлангандан бери Украина аҳолиси 8 млнга камайди
16:19 / 09.10.2024