Жаҳон | 19:01 / 04.02.2023
20229
2 дақиқада ўқилади

Бразилия ҳарбий-денгиз кучлари ўзининг ягона авиаташувчи кемасини чўктирди

«Сан-Паулу» авиаташувчиси ҳеч кимга керак бўлмай қолган эди.

Фото: AP

Бразилия ҳарбий-денгиз кучлари Атлантика океанида «Сан-Паулу» авиаташувчи кемасини саёзликка ботиб қолиш хавфи туфайли мамлакатнинг ички сувларига кириши тақиқланганидан сўнг, чўктириб юборди. Бу ҳақда РБК хабар берди.

Кема қирғоқдан 350 км узоқликда, тахминан 5 км чуқурликка чўккан. Ушбу ҳудуд навигация ва атроф-муҳит, балиқчилик ва экотизим хавфсизлигини ҳисобга олган ҳолда танланган.

Бразилия ушбу авиаташувчини 2000 йилда Франциядан сотиб олган эди. У 1960 йилда ишлаб чиқарилган. Илгари Франция ундан Тинч океанида ядровий синовлар ўтказиш учун фойдаланган.

«Сан-Паулу» авиаташувчиси Бразилия денгиз флотида бундай турдаги ягона кема эди. У 2021 йилда фойдаланишдан чиқарилган. Кейин у Туркиянинг «Сўк» компаниясига 1,9 миллион долларга сотилди. Кеманинг янги эгаси уни 2022 йил ёзида Туркияга олиб бориб, бузиб ташлаши лозим эди. Бироқ авиаташувчи Ўртаер денгизига етиб борганидан сўнг, маҳаллий ҳокимият идоралари унинг мамлакатга киришига рухсат бермади.

Кема Бразилияга қайтариб олиб борилди, бироқ, у ерда ҳам атроф-муҳит ва порт хавфсизлиги хатари туфайли уни қабул қилишдан бош тортишди. Бир неча ой давомида авиаташувчи мамлакат ҳудудий сувларида сарсон бўлганидан кейин, чўктириб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид