Жаҳон | 11:57 / 04.02.2023
9584
2 дақиқада ўқилади

Россия нефть маҳсулотлари учун нарх чегараси: АҚШ ва G7 Европа Иттифоқини қўллаб-қувватлади

G7, Австралия ва АҚШ Кремль Украинадаги уруш учун маблағ топишини имконсиз қилиш учун Россия нефть маҳсулотларининг юқори нархлари бўйича келишувга эришди. 

Фото: Reuters

Саноати ривожланган мамлакатларнинг еттилик гуруҳи (G7) ва Австралия Россия нефть маҳсулотларининг чекланган нархлари бўйича келишувга эришди - бу ЕИнинг худди шундай баёнотидан кейин юз берди. 3 февраль, жума куни бу ҳақда гуруҳ баёнотида айтилган.

Келишилган нарх дизель, керосин ва бензин каби юқори даражада тозаланган маҳсулотлар учун бир баррелга 100 долларни, мазут каби арзонроқ нефть маҳсулотлари учун эса 45 долларни ташкил этади.

Сиёсат «Россиянинг Украинага қарши тажовузкор урушидан фойда кўришининг олдини олиш» ва энергия бозорларида барқарорликни сақлашга қаратилган, дейилади баёнотда.

Қўшма Штатлар ҳам худди шундай йўлдан бормоқда. 5 февраль куни соат 00:01 дан (Тошкент вақти билан 10:01) Вашингтон шунингдек, Россия нефть маҳсулотларининг тоифасига қараб бир баррель учун 100 доллар ва 45 доллар даражасида нарх чегарасини жорий қилади, деб маълумот берди АҚШ Молия вазирлиги.

«Бизнинг ниятимиз Россия иқтисодиётини қулатиш эмас», деди АҚШ Молия вазирлиги вакили CNN телеканалига. Суҳбатдошнинг қўшимча қилишича, Вашингтоннинг вазифаси - «Кремлга иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва шу билан бирга, Украинадаги уруш учун пул топишни имконсиз қилиш».

«Биз эътибор қаратаётган асосий нарса - даромадларнинг тўхтатилиши», деди расмий. «Биз РФ ҳарбий-саноат комплекси ва таъминот занжирига ҳам зарба бермоқдамиз, шунда улар (Россия расмийлари) мавжуд маблағдан ўзларига керакли қуролларни сотиб олиш учун фойдалана олмайди», — қўшимча қилди у. 

Германиянинг Handelsblatt ишбилармонлик газетаси аввалроқ таъкидлаганидек, Европага етказиб бериш учун бир баррель дизель ёнилғиси яқинда халқаро биржаларда тахминан 100-120 евро эквивалентига сотилган. 

Полша ва Болтиқбўйи давлатлари, шу муносабат билан, нархларнинг чегараси Европа Иттифоқи томонидан келишилганидан пастроқ бўлиши лозимлигини таъкидлади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид