Ўзбекистон | 18:55 / 06.02.2023
7462
2 дақиқада ўқилади

Ўзбек-қирғиз фонди кредит ажратиш учун мукофот сўраётгани айтилди

Қирғизистонлик депутат оддий одамлар бу жамғармадан кредит ололмаслигини айтди.

Бошқа давлатлар билан тузилган инвестиция фондлари фақат маълум бир мукофот эвазига кредит ажратмоқда. Бу ҳақда Қирғизистоннинг халқаро муносабатлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси йиғилишида депутат Улан Бакасов гапирди. У Абу-Даби билан ҳолдинг компаниясини ташкил этиш ҳақидаги келишувни ратификация қилиш чоғида шу сўзларни айтди.

«Россия-Қирғизистон тараққиёт фонди (РҚТФ), Ўзбек-қирғиз фонди ва бошқалар аризачидан мукофот талаб қилмоқда. Оддий одам улардан кредит ололмайди. Аризани тасдиқлаш учун жамғарма раҳбарларига ҳақ тўлаш керак. Бундан ташқари, улар фақат шерик давлатдан маҳсулот харид қилишни талаб этмоқда. Мисол учун, РҚТФ фақат Россия материалларини, Ўзбек-қирғиз фонди фақат ўзбек материалларини сотиб олишни талаб қиляпти. Бизнинг сўровимизга жавоб беришмади», деди Улан Бакасов.

Қирғизистон иқтисодиёт вазири Дониёр Амангелдиев халқ депутати айтган маълумотларни текширишга ваъда берган. «Бизнинг жамғармалар кенгашида ўз вакилларимиз бор. Маълумотларингизни текшириб кўрамиз», деб жавоб берди у.

Ўзбек-қирғиз тараққиёт фонди 2021 йилда ташкил этилган. Устав капитали 50 миллион доллар бўлиб, Ўзбекистон томонидан киритилган. Жамғарма қуйидаги соҳаларда инвестиция киритишни мақсад қилган: агросаноат комплекси; тикувчилик ва тўқимачилик саноати; ишлаб чиқариш саноати; кон-металлургия саноати; транспорт; уй-жой қурилиши; савдо; тадбиркорликни ривожлантириш; энергетика комплекси; инфратузилмани ривожлантириш; туризмни ривожлантириш.

Мавзуга оид