Жаҳон | 08:24 / 07.02.2023
7935
2 дақиқада ўқилади

Норвегия ҳукумати Киевга 6,8 миллиард евро ажратмоқчи

Норвегия нефтдан тушган даромаднинг бир қисмини Украинага беш йиллик ёрдам дастурига жўнатмоқчи.

Фото: AP

Норвегия ҳукумати кўп йиллик ёрдам пакети доирасида Украинага 75 миллиард крона (6,8 миллиард евро) ажратиш ниятида, деди 6 февраль, душанба куни бош вазир Йонас Гар Стёре.

Унинг сўзларига кўра, маблағлар ҳарбий ва фуқаролик ёрдами пакетига сарфланиши кўзда тутилган. Дастур беш йилга мўлжалланган, аммо у ҳали Ослодаги парламент томонидан тасдиқланиши керак. Мамлакатнинг энг йирик мухолифат партияси етакчиси, собиқ бош вазир Эрна Сульберг Украинага узоқ муддатли ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Биринчи йилда пул ҳарбий ва гуманитар ёрдам ўртасида тенг тақсимланади, аммо келажакда бу мувозанат ўзгариши мумкин. Аввалроқ Стёре Норвегия нефтдан тушган даромаднинг бир қисмини Украинага ёрдам бериш учун юбориши мумкинлигини айтган эди. «Биз буни тўғри деб ҳисоблаймиз. Украина бу урушда ютқазмаслиги бизнинг миллий манфаатларимизга мос келади, бизда нефть секторидан келадиган фавқулодда даромад туфайли ҳаракат қилиш учун жой бор», - деди у.
 
Бундан ташқари, Норвегия ҳукумати Украинадаги уруш оқибатларидан айниқса қаттиқ жабр кўрган жанубий мамлакатларга ўз ёрдам дастурини таклиф қилмоқда. Ушбу ташаббус доирасида Норвегия ҳар йили инсонпарварлик ёрдами ва озиқ-овқат учун яна беш миллиард крона (450 миллион евро) ажратишни режалаштирмоқда.

«Мен Норвегия халқи, ҳукумати ва шахсан бош вазир Йонас Гар Стёрега 75 миллиард крона миқдоридаги мисли кўрилмаган 5 йиллик ёрдам пакетини эълон қилгани учун миннатдорман», - дея изоҳ берди Украина президенти Володимир Зеленский ташаббусга.

Мавзуга оид