Жаҳон | 07:43 / 09.02.2023
8652
3 дақиқада ўқилади

Макрон ва Шольц Зеленскийни Украина қўллаб-қувватланишига ишонтирди

Париж ва Берлин урушда ғалаба қозонмагунча Украинага ёрдам беришда давом этади, деб маълум қилди Франция ва Германия етакчилари. Украина президенти оғир қуроллар ва самолётларни «имкон қадар тезроқ» етказиб беришга чақирди.

Фото: Sarah Meyssonnier/Reuters

Франция президенти Эммануэл Макрон Париж Украинага Россия босқинига қарши курашда ғалаба қозониши ва қурол-яроғ етказиб бериш бўйича «саъй-ҳаракатларни давом эттиришига» ваъда берди. Макрон 8 февраль, чоршанба куни кечқурун Германия канцлери Олаф Шольц ва Украина президенти Володимир Зеленский билан Елисей саройида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Франция «Украинага ғалаба қозониши ва унинг қонуний ҳуқуқларини тиклашига ёрдам беришга қатъий» деди.

Макроннинг сўзларига кўра, кечки овқат пайтида томонлар Киевнинг «оператив эҳтиёжлари»ни муҳокама қилади. «Украина Францияга, унинг европалик ҳамкорлари ва иттифоқчиларига урушда ғалаба қозонишига ишониши мумкин. Россия ғалаба қозона олмайди ва ғалаба қозонмаслиги ҳам керак», деб таъкидлади Франция раҳбари.

Шунингдек, Шольц Зеленскийни Макрон томонидан ташкил этилган музокараларда иттифоқчиларни қўллаб-қувватлаш давом этишига ишонтирди. Унинг сўзларига кўра, бир йил аввал Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошланганидан бери Германия ва унинг ҳамкорлари Киевни «молиявий, гуманитар ёрдам ва қурол-яроғ билан» қўллаб-қувватлаган. «Биз бу ишни заруратга қадар давом эттирамиз», деди Германия канцлери.

Зеленский, ўз навбатида, Франция ва Германияни «имкон қадар тезроқ» Киевни жанговар самолётлар ва оғир қуроллар билан таъминлашга чақириб, Россия босқинига қарши курашда вақт муҳимлигини айтди. «Украина узоқ масофага мўлжалланган оғир қуролларни қанчалик тез олса, учувчиларимиз самолётларни қанчалик тез қабул қилса, Россия агрессияси шунчалик тез тугайди ва Европада тинчликка қайтишимиз мумкин бўлади», - деди у.

Украина раҳбари Буюк Британия бош вазири Риши Сунак билан учрашган Лондонга ташрифи якунида Парижга етиб келди. Президент Британия вазирлар маҳкамаси раҳбарига фронтдаги вазият ҳамда Украина қуролли кучларининг қурол-яроғ ва ҳарбий техникага бўлган асосий эҳтиёжлари ҳақида маълумот берди. Париждан кейин Зеленский Европа Иттифоқи саммитида иштирок этиш учун Брюсселга бориши кутилмоқда.
 

Мавзуга оид