Ўзбекистон | 20:35 / 13.02.2023
11815
2 дақиқада ўқилади

Магистратурага қабул натижалари нега кечикаётгани маълум қилинди

Ариза қабул қилиш тугаганига бир ойдан ошди. Расмийларга кўра, натижалар чўзилаётганига сабаб – тил сертификатларини тегишли базалардан текширишга кўп вақт кетяпти. Эслатиб ўтамиз, бу сафарги қабулда истисно тариқаси хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар сертификати бор ҳаммага ҳужжат топшириш имконияти берилган эди.

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 2022/23 ўқув йили учун магистратуранинг қишки қабули натижалари қачон эълон қилинишига оид мурожаатлар кўпайди. Расмийларга кўра, муддат чўзилаётганига сабаб – қабул учун топширилган сертификатларни тегишли ташкилотлар базаларидан текшириш “маълум вақт талаб этмоқда”.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирда ҳужжатларнинг асосий қисми текшириб бўлинган.

“Бу жараён тез кунда якунига етказилади ва натижалар эълон қилинади”, – дейилади ОЎМТВ изоҳида.

Ўзбекистонда магистратурага кириш имтиҳонлари илк бор йилда икки марта ўтказилмоқда.

2022/23 ўқув йили учун магистратурага қишки қабул 20 декабрдан бошланиб, 10 январгача давом этди.

Даставвал, магистратурага киришга номзодлардан филология йўналишларида камида C1, нофилологик йўналишларда эса B2 даражадаги миллий ёки унга мос халқаро сертификатга эга бўлиш талаби белгиланган эди. Кейинчалик бир марталик истисно эълон қилиниб, қишки қабулда хорижий тилни билиш даражасидан қатъи назар барча сертификати борлар ҳужжат топширишига рухсат берилди.

Мавзуга оид