Маршал Дўстум Ўзбекистон ва Тожикистондаги ҳарбий самолётларни «Толибон»га қарши бўлган мухолиф кучларга беришга чақирди
Шунингдек, Абдурашид Дўстум афғон мухолифат кучларини «Толибон»га қарши бирлашишга чақирди.
Афғонистонлик маршал Абдурашид Дўстум собиқ афғон армияси самолётлари ва вертолётларини «Толибон»га қарши курашаётган Миллий қаршилик фронти (МҚФ) кучларига беришга чақирди. Ҳозир бу техникалар Тожикистон ва Ўзбекистон қарамоғида бўлиб турибди. Бу ҳақда Khaama Press хабар берди.
Афғонистон собиқ вице-президенти сўзларига кўра, мамлакат собиқ қуролли кучларига тегишли қирққа яқин ҳарбий вертолётлар бир вақтлар Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудига юборилган.
Шу билан бирга, Дўстум мухолифат кучларини бирлашишга чақирди, чунки унинг фикрича, «Толибон» режими ҳукмронлиги узоқ давом этмайди.
2022 йил январида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритган «Толибон» радикал ҳаракати «мамлакатдан ўғирлаб кетилган самолёт ва вертолётларни» Тожикистон ва Ўзбекистондан қайтаришни талаб қилган эди.
Гап «Толибон» Кобулни қўлга киритган пайтда баъзи афғон ҳарбий учувчилари томонидан Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудига олиб қочилган вертолётлар ва ҳарбий самолётлар ҳақида кетмоқда. Аввалроқ бу ҳарбий техникалар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан Афғонистоннинг собиқ ҳукуматига совға қилинган эди.
Жумладан, Politico нашрининг ёзишича, 2021 йилда Афғонистон Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчилари Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳаво ҳарбий техникасининг қарийб 25 фоизини, жумладан бир нечта UH-60 Black Hawk, Ми-17, Ми-25 вертолёти, шунингдек, А-29 енгил турбопарракли қирувчи самолёти ва С-208 турбопарракли самолётини олиб қочишган эди.
«Толибон» ҳаракати ушбу ҳарбий техникаларни қайтариб беришни Тожикистон ва Ўзбекистондан бир неча маротаба талаб қилган.
2022 йил апрел ойида ўзбек расмийлари самолёт ва вертолётлар «Толибон»га берилмаслигини маълум қилди. Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев ҳарбий техникалар АҚШ ҳукуматига тегишли эканини ва Ўзбекистонда Вашингтон билан ҳамкорликда сақланишини айтган эди.
2022 йил июн ойида АҚШ Марказий қўмондонлиги генерали Майкл Куриля Тожикистонга ташрифи давомида ушбу ҳарбий техникалар қайтариб берилмаслигини айтди.
Аввалроқ, Брукингс институти (АҚШ) тадқиқот ўтказиб, Афғон Миллий қаршилик фронти кучсиз эканини, «Толибон» режими учун ҳеч қандай хавф сола олмаслигини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
19:00 / 25.12.2024
“Матрица”нинг бузилиши ва тарихий ордер
18:52 / 25.12.2024
Трамп ўлим жазосини қўллашда қатъият билан давом этишини айтди
17:13 / 25.12.2024
Ўзбекистон Афғонистон аҳолисига инсонпарварлик ёрдами ва «Саломатлик» поездини жўнатди
17:10 / 25.12.2024