Жаҳон | 11:11 / 14.02.2023
8262
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи расмийси: Санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири чекланган

Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиёт ва молия вазирлари Кремлга қарши санкцияларнинг Россия иқтисодиёти ва Европа Иттифоқидаги вазиятга таъсирини муҳокама қилади. Россия иқтисоди Брюсселда кутилганидан яхшироқ ишламоқда, деди Европа Иттифоқи расмийси.

Фото: Getty Images

Европа Иттифоқи томонидан киритилган тўққизта санкция пакетидан сўнг, Россия иқтисодиёти Брюсселда кутилганидан ҳам яхшироқ ишламоқда. Бу ҳақда DW нашрига ЕИнинг юқори мартабали амалдори 13 февраль, душанба куни Европа Иттифоқининг иқтисодий ва молиявий кенгаши йиғилиши арафасида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди. «Россия иқтисодиётига санкцияларнинг таъсири чекланган, - деди у. - Аммо нафақат ялпи ички маҳсулотга, балки умуман иқтисодиётдаги камчиликларга ҳам эътибор қаратиш керак, бу анча муҳимроқ бўлади».

14 февраль куни Европа Иттифоқи мамлакатлари иқтисодиёт ва молия вазирлари Россиянинг Украинага бўлган агрессиясининг иқтисодий ва молиявий оқибатларини муҳокама қилади. Асосий эътибор 2022 йил 24 февралда Украинага тўлиқ миқёсда бостириб киришдан кейин Россияга киритилган санкцияларнинг амалга оширилиши ва таъсирига қаратилади.

Кенгаш санкцияларнинг Россия ва Европа Иттифоқи давлатларига қандай таъсир қилишини муҳокама қилади. «Албатта, қанча кўп санкциялар қўлласак, шунча кўп таъсир юз беришини кўрамиз», — деди Европа Иттифоқининг юқори мартабали расмийси. Унинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи давлатлари бу масалада бирдамликни сақлаб қолишда давом этишлари керак.

Европа Иттифоқи 24 февраль куни Украинадаги кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бир йиллиги муносабати билан Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакетини эълон қилди. Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен 9 февраль куни Украина президенти Володимир Зеленский билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжумани чоғида у россиялик сиёсатчилар, ҳарбийлар ва тарғиботчиларга қарши қаратилишини айтди. Бундан ташқари, янги эмбарголар жорий этилади, бунинг натижасида Россия бюджети яна 10 миллиард евро йўқотади, деди у.

Мавзуга оид