Жаҳон | 22:48 / 14.02.2023
11670
3 дақиқада ўқилади

Зилзилада вафот этгани айтилган наманганлик аёл тирик бўлиб чиқди. Яна бир ватандош дафн этилди

Расмийлар ҳозирга қадар Туркиядаги зилзила оқибатида уч нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганини тасдиқлашган. Бедарак йўқолгани айтилаётган ўндан зиёд ўзбекистонлик эса ҳамон қидирилмоқда.

Фото: Hassan Ayadi/AFP/Getty Images

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 1975 йилда туғилган ва Наманган вилоятида доимий яшаб келган ватандошимиз Шоҳиста Ниязова тирик эканини маълум қилди ва бунинг тасдиғи сифатида у бошидан нималар ўтганини сўзлаб берган видеони улашди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда яна бир Ўзбекистон фуқароси зилзила оқибатида қулаган бино ичида вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқалган, шундан сўнг Бош консулхона ушбу аёлни қидириб топган.

“Биз Қаҳрамонмарашдаги зилзила остида қолдик. Интернетда менинг ўлганим ҳақида хабарлар тарқалибди. Аллоҳимга минг шукр, зилзила тагида қолган бўлсак-да, умримиз, ризқимиз бор экан, вайроналар орасидан омон чиқдим. Ҳозир биз Истанбулда, Бош консулхонадамиз. Бу ердаги йигитлар бизни шифохоналарга олиб боришди, катта ёрдам қилишди. Худо хоҳласа икки кун ичида Ўзбекистонда бўламан”, дея таъкидлаган Шоҳсанам Ниязова.

Маълум бўлишича, тиббий кўрикдан ўтказилган ўзбекистонлик аёлга зарурий тиббий муолажа кўрсатилди, ҳозир унинг соғлиғи қониқарли деб баҳоланмоқда.

Бундан ташқари, Бош консулхона 12 февраль куни зилзила натижасида Туркиянинг Шонлиурфа шаҳрида вафот этган наманганлик Барчиной Мирзаеванинг жасади Истанбулдан Тошкентга юборилганини маълум қилган.

“Дарё” нашрининг ёзишича, Норин туманидаги Боёвул маҳалласида истиқомат қилган 45 яшар Барчиной Мирзаева 2022 йил ноябрида Туркияга йўл олган ва Шонлиурфа шаҳрида кекса аёлга қаров билан машғул бўлган.

Яқинлари у 6 февраль куни рўй берган зилзиладан соғ-омон чиққани, бироқ ўзи ишлаётган хонадон вакиллари билан машинада кетаётган пайт зилзиладан қулаётган уйларни кўриб юраги дош бермагани ва шу ердаги касалхонада вафот этганини таъкидлашган. Унинг аввалдан юраги заиф бўлгани айтилмоқда.

18 яшар талаба қизини ёлғиз вояга етказаётган Барчиной Мирзаева 13 февраль куни дафн этилган.

Эслатиб ўтамиз, 11 февраль куни Туркиядаги зилзилада вафот этган икки нафар ватандошимиз (андижонлик 56 ёшли Ҳ.У. ҳамда наманганлик 40 ёшли М.Н.) жасади Ўзбекистонга юборилганди.

Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси 7 февраль куни 15 нафар ватандош Туркиянинг зилзила содир бўлган ҳудудларида бедарак йўқолгани, улардан икки нафари билан алоқа ўрнатилгани, 13 нафар фуқаро қидирилаётгани ҳақида хабар берганди.

8 февраль куни 3 нафар ўзбекистонлик топилгани ҳақида хабар берилди. Жумладан, Қаҳрамонмараш вилоятида бедарак йўқолган Рашид Бойбеков қутқарувчилар томонидан вайроналар остидан олиб чиқилганди.

1982 йил Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида туғилган Асал Шотирбекова Ҳатай вилоятида, 1996 йилда туғилган Акрамжон Ҳошимов эса Малатя вилоятида қулаган бино вайроналари орасидан қутқарилган.

Ўзбекистоннинг зилзила содир бўлган ҳудудларида бедарак йўқолган ва қидирилаётган бошқа фуқароларининг тақдири ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид