3 млн долларни ўзлаштиришда гумонланиб қамоққа олинган шахс озод қилингани маълум бўлди
ДХХ ва прокуратура департаменти томонидан қўлга олинган «Realnaya Investitsiya» МЧЖ директори яна ижтимоий тармоқда кўриниш берди. У Жиноят кодексининг 7 та моддаси бўйича қўзғатилган жиноят ишида гумонланувчилардан бири эди. Тошкент шаҳар судлари Kun.uz сўровига жавобан иш апелляцияда экани важидан унга нисбатан қанақа ҳукм чиққанини очиқламади.
2022 йил апрел ойида ДХХ ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти «Realnaya Investitsiya» МЧЖ раҳбарини қўлга олган эди.
Ўшанда у фуқароларнинг 15 мингдан 200 минг долларгача бўлган пулларини олиб, уларга ҳар ойда камида 10 фоиздан фойда беришни ваъда қилганликда гумонланаётганди.
ДХХ ахборот хизмати тарқатган видеода жамият раҳбари 560 нафар фуқаро билан олди-берди қилганини айтган, 100 га яқин фуқародан жами 2,5–3 млн доллар атрофида қарзи борлигини билдирган.
Шунингдек, ташкилот раҳбари ноқонуний йўл билан топилган даромадларини бир нечта кўчмас мулклар ва қимматбаҳо автомашиналар харид қилиш орқали легаллаштиргани айтилиб, уни қўлга олиш жараёнида турли ўткир тиғли жисмлар ҳам топилгани намойиш қилинган эди.
Айбланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 7 та моддаси – 168 (фирибгарлик), 178 (чет эл валютасини яшириш), 179 (сохта тадбиркорлик), 184 (солиқларни тўлашдан бўйин товлаш), 188-1 (пул маблағларини жалб этишга доир ноқонуний фаолият), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Ўшанда «Realnaya Investitsiya» МЧЖдан жабр кўрган фуқаролардан Тошкент шаҳри прокуратурасига мурожаат қилиш сўралган эди.
Kun.uz'нинг эътибор қаратишича, корхона раҳбари ўзининг Instagram саҳифасига жойлаётган видео ва расмлардан унинг айни пайтда очиқда эканини тахмин қилиш мумкин.
Тошкент шаҳар прокуратурасининг Kun.uz'га маълум қилишича, «Realnaya Investitsiya» МЧЖ раҳбари билан боғлиқ иш иш юзасидан тергов якунланиб, суд ҳукми чиқарилган.
Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати тақдим қилган маълумотларга кўра, фуқарога 2022 йил 26 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг ҳукми чиққан. Прокурорнинг протестига асосан, иш ҳозирда Тошкент шаҳар судида апелляция тартибида кўрилмоқда.
Суд ҳукм ҳали қонуний кучга кирмагани сабаб қилиниб, айбланувчига нисбатан қандай жазо тайинлангани маълум қилинмади.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024