Ўзбекистон | 12:00 / 20.02.2023
15791
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизими қандай ўзгарди?

Болали оилалар учун ижтимоий нафақалар қамрови 2017 йилга нисбатан 5 бараварга ошиб, 2022 йилда давлат бюджетидан 11 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Ҳозирда болалар нафақаси олувчи оилалар сони 2 млн 177 мингтани ташкил этади.

Фото: Shutterstock

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш бўйича бир қанча қўшимча чоралар кўрилди.

2021 йил сентябрь ойидан бошлаб, UNISEF билан ҳамкорликда, болали кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар тўлаш миқдори, муддатлари ва тартиби тўлиқ қайта кўриб чиқилди:

а) болали оилалар учун нафақа миқдори болалар сонига қараб оширилди:

  • бир болали оилаларга 1,7 бараварга ёки 144 минг сўмдан 250 минг сўмгача (уч ёшгача — 325 минг сўм);
  • икки болали оилаларга 1,7 бараварга ёки 239 минг сўмдан 400 минг сўмгача (энг кичиги 3 ёшга тўлмаган бўлса – 475 минг сўм);
  • уч болали оилаларга 1,5 бараварга ёки 334 минг сўмдан 500 минг сўмгача (энг кичиги 3 ёшга тўлмаган бўлса – 575 минг сўм);
  • тўрт ёки ундан ортиқ болали оилаларда ҳар бир кейинги бола учун 100 минг сўм (2021 йил сентябргача уч ёки ундан ортиқ болали оилалар учун белгиланган миқдор). 

б) болаларнинг нафақа олиш ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди;

д) нафақа тўлаш муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилди.

2021 йилдан бошлаб болали оилаларга ижтимоий нафақалар тайинлашда манзиллиликни ошириш ва шаффофликни таъминлаш, субъектив омилларни камайтириш мақсадида республика бўйлаб UNISEF’нинг бевосита иштирокида ишлаб чиқилган “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими жорий этилди. Бу қўшимча тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилмасдан, 17 та вазирлик ва идораларнинг маълумотлар базалари билан электрон алоқада бўлиш орқали 70 дан ортиқ турдаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишни таъминлашга имкон берди.

Натижада, болали оилалар учун ижтимоий нафақалар қамрови 2017 йилга нисбатан 5 бараварга ошди.

Ҳозирги вақтда болалар нафақасини олувчилар сони 2 млн 177 минг оилани ёки оилалар умумий сонининг 23,1 фоизини ташкил этади (18 ёшгача бўлган 5 млн 5 минг бола ёки уларнинг умумий сонининг 42,7 фоизи). Ҳар бир оила учун ўртача йиллик ҳисобда тўловлар миқдори ҳар бир бола учун 5 млн 545 минг сўм (491 доллар) ёки 2 млн 414 минг сўм (214 доллар)ни ташкил этади. Нафақа оладиган оилалардаги болаларнинг ўртача сони - 2,3 бола.

Шуни таъкидлаш керакки, жаҳон амалиёти (Япония, Жанубий Корея, Сингапур ва бошқалар) кўрсатганидек, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг самарали йўналишларидан бири бу инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритишдир.

Шу жиҳатдан, 2022 йилдан бошлаб барча мактаб ўқувчиларига дарсликларни бепул тақдим этиш тартиби жорий этилди. Шунингдек, 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мактабларида 1-4-синф ўқувчиларига бепул овқат берилади ва 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб ушбу амалиёт бутун республика бўйлаб жорий этилади.

Мавзуга оид