16:12 / 20.02.2023
7104

Уран сайёрасига биринчи миссия 2032 йилгача амалга оширилиши мумкин 

Қуёш тизимидаги энг сирли сайёра йўлдошларида сув бўлиши мумкин.

Фото: Science Perspectives

Уран сайёрасига биринчи орбитал аппарат 2032 йилгача жўнатилиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Жон Ҳопкинс амалий физика лабораториясидан сайёрашунос олим Кетлин Мандт Science Perspectives нашрига маълум қилди.

Водород ва гелийдан ташкил топган ҳалқалари ва 27 та йўлдоши бўлган сайёра олимларга қуёш тизимидаги сувнинг келиб чиқиши сирини ечишга ёрдам бериши мумкин.

Космик кемалар Уран яқинида фақат бир марта - 1986 йил 24 январда бўлган ва бу тўлиқ миссия эмас эди. Шу вақтда «Вояжер-2» (NASA) зонди Нептун сайёрасига парвоз пайтида муз гигантининг ёнидан ўтиб кетди. Аммо бу бир неча дақиқа давомида Ураннинг дастлабки сифатли суратлари олинди.

Орадан тахминан 40 йил ўтгач, олимлар яна Уранга қайтишни хоҳламоқда. NASA энди Uranus Orbiter and Probe (UOP) миссиясини ишга туширмоқчи. Унинг доирасида сайёрага махсус зонд юборилади ва атмосфераси тадқиқот қилинади. Олимлар сайёранинг «миграция» тарихини ва 84 Ер йили давомида атмосферадаги мавсумий ўзгаришларни келтириб чиқарадиган кучли эгилиш сабабларини ўрганишни режалаштирмоқда.

«Ураннинг йўлдошлари Юпитернинг тўртта йўлдоши ва Сатурннинг йўлдошларидан анча кичикдир. Улар қаттиқ ва ҳаракатсиз, чунки ўлчови кичик ва юзасида фақат зарба кратерлари бўлиши керак. Қизиғи шундаки, «Вояжер-2» суратларида ҳеч қандай кратер кўринмаган. Бунинг ўрнига, геологик фаоллик натижасида ҳосил бўладиган хусусиятлар мавжуд. Биз бу йўлдошларнинг ички тузилишини ўрганиб, уларнинг сирти нега ёш эканини тушунмоқчимиз ва сув мавжудлигига далил топишга умид қиламиз», деди Кетлин Мандт, АҚШ Жонс Ҳопкинс амалий физика лабораториясининг сайёрашунос олими.

Олимлар Юпитернинг улкан тортишиш кучидан фойдаланиш учун 2032 йилгача UOP миссиясини ишга туширишни режалаштирмоқда, бу эса космик кема белгиланган манзилга етиб боришига кўмаклашади. Агар режа амалга ошса, зонд 2050 йилда Уранга етиб боради.

Top