Жаҳон | 20:48 / 25.02.2023
12630
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакетини маъқуллади

Унда 121 жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чекловлар жорий этилган. 

Фото: REUTERS/Yves Herman/File Photo

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг ўнинчи пакетини маъқуллади. Санкцияларга қуйидагилар киради: 

• Россиянинг учта банкига нисбатан чекловлар (уларнинг номи расман айтилмаган, Bloomberg хабарига кўра, улар Альфа-Банк, Росбанк ва Тинкофф банк), 

• Ҳарбий дрон ишлаб чиқарадиган Эроннинг 7 та компаниясига нисбатан чекловлар; 

• икки мақсадли товарларнинг Россия орқали транзитини тўлиқ тақиқлаш (илгари тақиқ фақат экспортга нисбатан қўлланган), 

• Россиядан синтетик каучук ва битум импортини тақиқлаш; 

• «Спутник» радиоси ва RT Arabic телеканалининг Европа Иттифоқи доирасида эшиттиришларини тақиқлаш; 

• россияликларнинг Европа Иттифоқининг стратегик аҳамиятга эга корхоналарида раҳбарлик лавозимларини эгаллашини тақиқлаш; 

• Россия фуқароларига газ омборларини беришни тақиқлаш (суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича айрим объектлар бундан мустасно), 

• ҳарбийлар томонидан қўлланилиши мумкин бўлган муҳим технологиялар ва саноат товарлари (электроника, транспорт воситалари, машина қисмлари, қурилиш сектори товарлари) экспортига қўшимча тақиқлар. 

Еврокомиссияда таъкидланганидек, янги санкциялар пакетини ҳисобга олган ҳолда, Брюссел Россияга экспортининг 49 фоизини ва Россиядан импортининг 58 фоизини тақиқлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид