Жамият | 16:58 / 02.03.2023
10487
3 дақиқада ўқилади

Болани чет давлатда назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланяпти

Сенат ўттиз еттинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги Қонуни муҳокама қилинди.

Қонунга кўра болани чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда. Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган болани отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс ёхуд ҳамроҳлик қилувчи шахс чет давлат ҳудудида болани назоратсиз қолдирганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан эллик бараваригача бўлган миқдорда жаримага тортилиши кўзда тутилмоқда.

Ушбу маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, яна худди шундай хатти-ҳаракат содир этганлик ёхуд чет давлат ҳудудида турган боланинг суд томонидан белгиланган муддатда Ўзбекистонга қайтарилишини таъминламаганлик учун жиноий жавобгарлик киритилмоқда. Шундай қонун бузилишлари учун уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланмоқда.

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгаришга кўра боланинг отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахс чет давлатда болани назоратсиз қолдириш, яъни ота-онанинг, улар ўрнини босувчи шахснинг болага таъминот, тарбия ва таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаши қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Қонун билан «Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида таълим ва тарбия олиши мумкин бўлган болалар сони йигирма беш нафардан эллик нафаргача кўпайтирилмоқда. «Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида»ги Қонунга ўзгартишлар киритилиб, унга кўра маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилмоқда.

«Ўзбекистон айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида»га қонун билан 4 та кодекс ва 4 та қонунга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид