Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон Сендай ҳадли дастури доирасида глобал ҳамкорликни қўллаб-қуввaтлайди
2050 йилга бориб Марказий Осиёда ўртача йиллик ҳарорат 1.5-3 °С’га ошиши мумкин. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти илмий ходими Алексей Кустов давлат раҳбари томонидан Сендай ҳадли дастури фаолиятини кучайтириш бўйича илгари сурган таклифларининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 март куни Боку шаҳрида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг саммитида иштирок этди.
Қайд этиш жоизки, давлат раҳбари ўз нутқида таъкидлаган 2030 йилгача табиий офатлар хавфини камайтириш бўйича глобал платформа – Сендай ҳадли дастури асосида Қўшилмаслик ҳаракати иштирокчилари фаолиятини кучайтириш зарурлиги бўйича ташаббус жуда муҳим аҳамиятга эга.
Президент даражасида бу масалага алоҳида эътибор қаратилиши бежиз эмас. Зеро, ҳозирги вақтда фавқулодда вазият ва табиий офат хавфи, бундай салбий ҳолатлардан кўрилаётган иқтисодий зарар кўлами ошиб бориши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасига хос хусусиятдир.
Юқори хавф, биринчи навбатда, Марказий Осиёда ўртача ҳароратнинг кўтарилиш суръати жаҳон кўрсаткичидан ошиб кетиши билан боғлиқ. 1900 йилдан буён Eр юзида ўртача ҳарорат 1,1°С га ошган, минтақамизда эса ўртача йиллик ҳарорат 1,6°С ёки 13,2°С дан 14,8°С га кўтарилган. Шу билан бирга, тахминларга кўра, 2050 йилга келиб ҳаво ҳарорати яна 1,5°-3°С’га ошиши мумкин.
Орол денгизи ҳалокати туфайли содир бўлаётган иқлим ўзгариши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар кучлироқ бўлиб, сўнгги 50-60 йил ичида минтақадаги музлик майдони, қарийб, 30 фоиз қисқаришига олиб келди. 2050 йилга келиб музлик сатҳи яна 45-60 фоиз қисқариши кутилмоқда. Бу баҳорги оқим кўпайиши, ёзги оқим тубдан пасайишига сабаб бўлади.
Ушбу ҳолатлар истиқболда экстремал об-ҳаво ҳодисалари – эрта баҳорда тоғ кўллари тошиши, сув тошқини, сел, кўчки, шунингдек, ёзги вегетация даврида қурғоқчилик, ўрмон ёнғини, чанг-туз бўронлари тез-тез юз беришига олиб келиши мумкин.
Шу билан бирга Марказий Осиё минтақасида табиий офатдан йиллик йўқотиш 10 миллиард долларга етиб, иқтисодий ўсишни 1-2 фоиз чеклаб қўйган.
Иқлим ўзгаришига қарши чора кўрилмаса, Марказий Осиё мамлакатлари сув танқислигига, қурғоқчилик, сел, қум бўрони ҳолатлари кўпайишига дуч келади. Оқибатда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида беқарорлик юзага келади, озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид пайдо бўлади.
Бундай шароитда Ўзбекистон раҳбари томонидан Сендай ҳадли дастури Глобал платформаси асосида фаолиятни кучайтириш бўйича илгари сурилган таклифлар жуда муҳим аҳамият касб этади. Тез ўзгарувчан иқлим шароитида офат хавфини камайтириш масаласини ҳал қилиш келажакдаги таҳдид ва хавфни, мониторингнинг янги усуллари ишлаб чиқилишини ҳисобга олган ҳолда, комплекс хусусиятга эга бўлиши лозим.
Шу маънода Сендай ҳадли дастурини изчил амалга ошириш бўйича республикамизда олиб борилаётган ишларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Хусусан, Ўзбекистонда “2015-2030 йилларга мўлжалланган табиий офат хавфини камайтириш бўйича Сендай асослари” мақсадига эришиш бўйича стратегияни амалга оширишга қаратилган Миллий ҳаракатлар режаси тасдиқланди. Стратегиянинг асосий мақсади аҳоли ва ҳудудларни табиий офатдан ҳар томонлама муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, 2030 йилга келиб ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сонини, шунингдек, бевосита иқтисодий зарарни сезиларли даражада камайтиришдан иборат. Мазкур ҳужжат табиий офат хавфини камайтириш масаласи Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигининг тасдиғидир.
Демак, табиий муҳитда рўй бераётган глобал ўзгаришлар асносида Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо барча давлатлар саъй-ҳаракатини бирлаштириш орқали ягона глобал хавфсизликни таъминлаш, фавқулодда вазиятда ҳаракатланиш салоҳиятини кучайтириш ва минтақанинг барча давлатлари билан тезкор ахборот алмашиш, қўшма ўқув машғулот ўтказиш каби йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш, шунингдек, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва келиб чиқадиган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида урғу берилмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, аҳолини иқлим ўзгариши, табиий ва техноген офатнинг зарарли таъсиридан ишончли ҳимоя қилишга барча давлатларнинг умумий ҳамкорлиги шароитидагина эришиш мумкин. Сендай ҳадли дастури Глобал платформаси фаолиятини янада кучайтириш фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, иқтисодий йўқотишни камайтириш, ҳаётий муҳим инфратузилма вайрон бўлиши кўламини қисқартириш, шунингдек, зарур ўзаро ҳамкорликни таъминлаш бўйича умумий чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқишга ёрдам беради.
Алексей Кустов,
Президент ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бош илмий ходими
Мавзуга оид
10:15 / 17.06.2026
Ўзбекистонда 10 ёшдан катта аҳолининг қарийб барчаси мобил телефон ишлатади
23:44 / 13.06.2026
Туркияда қўлга олинган халқаро қидирувдаги икки шахс Ўзбекистонга қайтарилди
12:12 / 09.06.2026
Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари қисқарди
11:00 / 08.06.2026