Ўзбекистон | 15:27 / 04.03.2023
5299
3 дақиқада ўқилади

Британиянинг “Standard Charterеd Bank”и Ўзбекистонга кирмоқчи 

“Standard Chartered Bank” Ўзбекистон бозорида экспортни молиялаштириш бўйича маҳсулотларини илгари суриш ва миллий капитал бозорини ривожлантиришда иштирок этмоқчи. Ҳукумат банк вакиллари билан ҳамкорлик масалаларини келишиб олди. 

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги

Буюк Британиянинг “Standard Charterеd Bank”и Ўзбекистонга кирмоқчи. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.  

Маълум қилинишича, 2 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Сарвар Ҳамидов ва “Standard Chartered Bank” (Буюк Британия) вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган.  

Унда  банкнинг Ўзбекистондаги жорий фаолияти ва иқтисодиётнинг металлургия, энергетика ва инфратузилмани ривожлантириш каби устувор тармоқларида янги лойиҳаларни амалга оширишга унинг инвестицияларини жалб қилиш истиқболлари муҳокама қилинган.  

“Томонлар, шунингдек, “Standard Charterеd Bank”нинг Ўзбекистон бозорида экспортни молиялаштириш бўйича маҳсулотларини илгари суриш ва миллий капитал бозорини ривожлантиришдаги иштирокининг амалий жиҳатларини кўриб чиқдилар”, – дейилади расмий хабарда.  

Учрашув якунлари бўйича томонлар амалий келишувларга эришиш мақсадида мунтазам алоқаларни давом эттиришга келишиб олган.  

Маълумот учун, “Standard Charterеd Bank” 1969 йилда Лондонда ташкил этилган. Асосий фаолиятини Шарқий Осиё ва Африка мамлакатларида олиб боради. 2020 йил охирида унинг молиявий активлари 789,1 миллиард долларни ташкил қилган.  

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда  “Standard Charterеd Bank” Сирдарёдаги ИЭС қурилиши лойиҳасига кредит бериши маълум қилинган.  

Лойиҳа қиймати 1,2 миллиард доллар бўлиб, шундан 747 миллион доллари Халқаро тараққиёт банки ва хорижий хусусий тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлардир. Кредиторлар қаторида Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Нефт экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилотининг Халқаро тараққиёт фонди, Германия инвестиция корпорацияси, “Standard Chartered Bank” (Буюк Британия), Natixis (Франция), Societe Generale (Франция, Хитой банки борлиги айтилганди.

Мавзуга оид