Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Чекланган чорвачилик, кластерчи ҳоким ва “Парпиевнинг одамлари”. Тадбиркор додини кимга айтсин?
“Кластерлар чексиз ривожланиш имконига эга, биз каби гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар эса маълум бир нуқтада тўхташимиз керак, чунки ривожланиш истиқболи йўқ”.
Ўз маблағига Европадан наслли қорамоллар олиб келиб, тадбиркорликни йўлга қўйган, кейинчалик муаммолар гирдобида қолиб кетган инвестор Азиз Мирзакаримов билан суҳбат уюштирган эдик. Қуйида бу интервюнинг давомини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Савдо-саноат палатаси ташкил қилган йиғилишда чорвачилик муаммолари айтилди. Аммо шундан кейин Ветеринария қўмитаси уларни инкор қилишни бошлади. Сўнг эса чорвачиликка бериладиган субсидияларни 2 баробарга камайтириш тўғрисида қарор чиқяпти... Ҳолбуки, олдинги қарорда 2023 йил охиригача дейилган эди. Афтидан, қўмитанинг чиқишларидан сўнг, юқорида “биз чорвачиликка кўп ёрдам бериб юборяпмиз экан, уларда ҳаммаси яхши экан”, деган тушунча пайдо бўлган.
Ветеринария қўмитаси ходимлари берган интервьюларида гўшт-сут маҳсулотларининг нархи арзонлашишига субсидиялар орқали эришдик, деяпти. Биз сотадиган сут нархи – хомашё нархи, тайёр маҳсулотники эмас. Тайёр маҳсулот 10-15 минг сўм атрофида. Сут хомашёсини сотиш нархи фермер учун жуда паст: 4500 дан 5500 гача. Сутнинг тайёр бўлиш таннархи эса 4000-4500 га боради. Энг қиммат сотадиган фермер ҳам узоғи билан 1000 сўм фойда қилади. Гўшт ҳам шундай. Фермердан чиқиб кетиш нархи паст, бозорда сотиш нархи – бошқа.
Масала вазирликлар иштирокидаги йиғилишда кўтарилди. Демак, муаммо мавжуд. Тайёр гўшт-сут маҳсулотлари қиммат. Биз субсидияга муҳтожмиз. Ҳозирги босқичда бизга бу жуда зарур. Берилаётган субсидияни 2 баробар пасайтириш ҳам бизга катта салбий таъсир кўрсатади. Оқибатда маҳсулот янаям қимматлашишига олиб келади. 2022 йил 3-4-чораги учун субсидиялар тўлангани йўқ. Шахсан менинг фермер хўжалигимнинг 100 млн сўм атрофида субсидияси турибди давлатда. Бу субсидияни олиш учун 5-6 та идора вакилларидан имзо оласиз. Ҳамма ёқ электрон тартибда бўлиши белгиланиб, талаб қилинишига қарамасдан, вақтида имзоламай, мутасаддилар сизнинг келишингизни талаб қилади.
Тўлашга келганда эса телефонларга жавоб беришмайди. Республика чеккасидан субсидияни қачон тўлайсизлар, деб неча марта келиб кетиш мумкин? 2-чорак: апрель, май, июнь ойлари субсидиясини октябрь ёки ноябрь ойида туширдим. Жанжаллар билан.
Ветеринария қўмитасига нега субсидиямни бермаяпсизлар, десам, баҳонаси бундай бўлди: фермерлар кооперативидаги чорвадорга ортиқча субсидия бериб юборилибди, ўша пулни қайтариб берса, кейин тушириб берар экан... Кўча тизимида ишлашяпти! “Ходимингиз қилган айбга мен жавоб бераманми?”, – десам, Cолиқ қўмитасига рўйхат берганмиз, улар жавоб бермаяпти, дейди. Солиқларимнинг ҳужжатини ўзим олиб бориб бераман, десам, унгаям кўнишмади. Шунақа тортишувлардан кейин тушди субсидия. Шу озгина пулниям жанжал қилиб туширасиз.
Энг қизиғи, “субсидияга пулни етказолмай қолдик”, дейишади... Ахир, Молия вазирлигининг режаси бор! Бюджет кўриб чиқилган! Демак, қишлоқ хўжалиги бўлимлари статистик маълумотларни кўзбўямачилик учун тузади.
Гўшт йўналишидаги чорвадорлар ҳам субсидия олиб ётибди сут учун... Яъни сутни қайта ишловчи маҳаллий ташкилот хонадонлардан йиғадиган сутни фермер номига ёзади, фермер эса субсидия олиб ишлаб чиқарувчи билан бўлишади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар солиқдан қочувчи, қора бозордан хомашё олувчи, камига субсидия олиб ётса, мен жабр кўришим керакми? Ким ечади бу муаммони?
— Инқирозга учрайман бу кетишда деяпсиз. Асосий омилларни санаб бероласизми?
— Биринчи навбатда қорамоллар сонининг озайиши. Фаолият тури ташкил этилаётганда давлат томонидан кафолатланган – соҳанинг асосий таянчи бўлган озуқа базасини яратиб берувчи восита – ер билан таъминлаш. Фермерлар тўғрисидаги қонунга кўра, юқори маҳсулдор моллар учун ҳар бир бошига 50 сотих суғориладиган экин ери ёки 2 гектардан суғорилмайдиган экин ери ажратилиши назарда тутилган. Етарлича ер беришмагани учун керакли рационни қилиб беролмаяпмиз. Экин еримиз мол бошига 20 сотихдан ҳам тўғри келмайди.
Чет элдан мол олиб келганимизда сони 96 бош эди, шунга кўра 48 гектар еримиз бўлиши керак эди, аммо ярим йил ўтгачгина 20 гектар ер ололдик. Яна бир йилдан кейин 8 гектар ер олдик. Аммо бу вақт оралиғида моллар кўпайди ҳам. Озуқа захирасини нақд пулимизга қилдик. Шунинг учун таннарх кўтарилиб кетди.
Қуруқ ёғли емлар (кунжара, шулха, кепак) масаласи ҳам бор. Буларни олишдаям катта муаммолар мавжуд, соҳа монополлаштирилган. Сутнинг ёғли бўлиши, гўшт учун боқилувчи молларнинг тез семириши омили – ёғли емлар.
Бу маҳсулотлар “Ўздонмаҳсулот” АЖ томонидан биржага қўйилади. Маҳсулот таркиби келтирилади, лекин аслида таркибга мос маҳсулот бўлмайди. Ўз моддий манфаатларини кўзлаб, маҳсулотга молларга зарар етказувчи ҳар хил моддалар қўшишяпти. Масалан, майдаланган ҳарсанг тош. Биржадан ташқаридаги хусусий заводлардан сотиб олиш имкони бор, лекин улар ҳисоб фактурага икки баробар арзон нарх ёзиб беришади ва ўзлари солиқдан қочади шу орқали.
Дон маҳсулотлари омборларида кепак туради, лекин қасддан биржа савдоларига қўймайди. Талаб кучайган пайтда баланд нархда сотишади. Одамлар сифатга қарамай ола бошлайди. Олаётган маҳсулотларингизнинг сифатини текширувчи лабораториялар, механизм йўқ. Биржа платформаси орқали савдога қўйиляптими, сифатига кимдир жавоб бериши керак.
Сутни қайта ишловчига “ем нархи кўтарилди, мутаносиб равишда сут нархини кўтаринглар”, деб бўлмайди. Биз қайта ишловчи корхонага қараммиз, бундай корхона оз.
Чорвачиликни ривожлантириш бўйича идоралар томонидан босим бор. Уч марта далолатнома қилиб кетишди. Аммо моли йўқ, лекин кўп ери бор фермерлар бор. Улар озуқа етиштириб, бизга ўхшаган ерсизларга сотяпти... Бу ҳолатдан тумандаги қайсидир мутасаддилар манфаатдор.
Бизнинг туманда энг катта кластер эгаси туман ҳокими бўлди... Ҳозир, эътирозлардан сўнг, ҳужжатларда ўзгартириш қилиб қўйишди. Ҳоким бўлгач, ерларни захирага қайтариш ўрнига, Вазирлар Маҳкамаси қарорига қарамасдан, чорваси йўқ фермерларга ўз манфаати йўлида пахта ва ғалла эктиришни бошлади, ерни олиб қўймаслик эвазига... Бундай ҳаракатлар билан чорвадорларни ўлдиришяпти.
Кластерлар чексиз ривожланиш имконига эга. Биз эса маълум бир нуқтада тўхташимиз керак... Ўзбекистонда гўшт-сут маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ташкилотларнинг ривожланиш истиқболи йўқ, турғун ҳолда ушлаб туришибди.
Кластер-ҳоким мени чўктиришни олий мақсад қилиб олган. Чорва биносини қуришни бошлаган пайтимдаёқ. Бизга ажратилган ер майдонининг бир қисми пахтасаноат мажмуйи активларидан эди. Президент фармонига кўра, аукцион орқали олганмиз. Булар келиб “бу ер бизники бўлиши керак эди, бўшатиб қўй”, – дейишди. У пайтда ҳоким эмасди. “Менинг ҳужжатим бор, сизларда йўқ, эътирозни ҳокимликка билдиринглар”, – десам, “бизнинг ортимизда ким турганини биласанми – орқамизда Парпиевлар турибди, молхоналарни йўқот”, – деди кластер раҳбари, ҳозирги ҳокимнинг холасининг ўғли. “Биз бу ерда МТП қиламиз, аммиак сақланувчи бочкалар туради, кечқурун бочка очилиб кетиб, молларинг ўлиб ётган бўлади эрталаб” деди... “Одамлар-чи, улар ҳам ўладими? Бу ерда одамлар ётиб ишлайди”, – дедим. Ҳужжатлар қилишиб, кадастр бўлимидан ўзига тегишли одам билан келишди. Бўлмади. Менинг ҳужжатларим Тошкентдан ўтган эди, ҳеч нарса қилолишмади.
Қурилиш қилаётган пайтим у айтгандек аммиак бочкани очиб юборишди. “Тўхтатинглар, аҳоли яшайдиган жой, болалар юрибди”, десам, “қаерга борсанг бор, ортимизда президент турибди”, дейишди. Экология бошқармасига чиқсам, мен аралашмайман, катта одамлар турибди, каллам кетади, деб аралашмади. СЭСга бордим, улар ҳам Экология идораси айтган гапни айтди. Прокуратурага бордим, қоғозга тушириб келинг, дейишди. Қайтиб бориб, таянч пунктидан нозирни олиб чиқиб, ҳолатни тасвирга олдирдим. Маҳалла ҳам ўз эътирозини билдирди. Кейин “хатолик бўлибди” дейишди... Бошқа қайтарилмайди дейишди-ю, лекин бу ҳолат яна 4 марта қайтарилди. Ҳар сафар бирор прокурор ёрдамчиси, ички ишлар ходими ўртага тушади. Ҳамма ташкилотларга хат жўнатганман, лекин ҳеч қандай натижа йўқ.
Яқинда яна бир ҳолат бўлди. Куз эди, адашмасам. Иккита ишчим тиззалаб ўтириб қолгудек даражада аммиак тарқаб кетди. Яна участка нозири, профилактика инспекторини олиб келдим. МТП раҳбари ичкарига киритмай, энди қайтарилмайди, деди. Вилоят ички ишлар бўлимига телефон қилдим, улар маҳаллий ходимларни жўнатишди. Ҳужжатларни қилиб, прокуратурага хат ташладим. Президент аппаратига нусхасини жўнатдим. Шуғулланиш бошланди деб жавоб келди. Орада 15 кун вақт ўтказиб юборишди. СЭС ходими келиб, “аммиак бор-йўқлигини исботлолмаймиз, киришга ҳаққимиз ҳам йўқ”, деди.
Ким кафолат беради бу ҳолат яна такрорланмаслигига? Ухлаб ётганимизда шундай бўлса-чи? “Қиламан” деган ишининг ҳаммасини қиляпти.
Президент аппарати, Бош прокуратурани шикоят хатларим билан тўлдириб ташладим. Хатларни туманга қайтаришади. Туман прокурори, сектор раҳбарлари эрталабдан кечгача ҳоким билан бирга. Шу одамлар ҳокимга қарши қонуний иш кўришига ишонасизми? Мен ишонмайман. Иш туманга келади ва ёпилиб кетади. Бош прокуратура ходимлари иштирокида текшириб беринглар ҳолатни, деб неча марта айтдим, лекин яна туманга қайтаришади. Вазирлар Маҳкамасига бордим. Онлайн тизим қилганмиз деб қабул қилишмади бошида. Бир ходим тушди, лавозими ва исм-фамилиясини сўрасам, “Рустам десангиз ҳамма танийди” деб телефон рақамини ёзиб кириб кетди. Бир-бир ярим ойдан кейин телефон қилиб, “яна туманга қайтарибсизлар, натижа йўқ”, десам, “мен нима қилай, ҳар ой 20-30 минг атрофида мурожаат бўлади, ҳар битта мурожаатни назорат қилгани вақт йўқ, мутахассис етмайди”, деб айтди. “Бўлмаса, қабулхоналарни ёпиб қўйинглар, туман ҳокими – хон, шунга мослашиб яша деб айтиб қўйинглар, демократик жамият қурамиз деманглар, феодал мамлакатмиз деб қўйинглар”, – дедим.
Яқинда Бош прокуратурага бордим, одам тўла. Ҳаммасининг дарди шу: ишлари туманга қайтариб юборилган, туман ёпиб юборган.
Шокир Шарипов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
11:46 / 19.06.2026
Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш учун 150 млн доллар ажратади
18:05 / 16.06.2026
“Э, онангни... 11 гача ёпмасанг, тиқиб юбораман!” — Музработда фермерлар ҳақоратланди
16:55 / 09.06.2026
Бизнес-омбудсман Тошкентдаги рекламаларни бузишда қонуний йўл тутишга чақирди
10:30 / 08.06.2026