Август ойида давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти бўлиб ўтади. Kun.uz эса бизнесни қийнаётган долзарб масалаларни мутахассислар билан муҳокама қилишда давом этади. Суҳбатдошларимиз – солиқ маслаҳатчилари Мурод Муҳаммаджонов ва Давронбек Бобожонов. Уларга кўра, солиққа оид текширувлар, маркировка ва электрон ҳисоб-фактураларга оид қатор муаммоли масалалар тўпланиб қолган.

Мутахассислар солиқ юкининг асл моҳияти нафақат ставкаларда, балки мураккаб маъмурчилик, асоссиз текширувлар ва тизимдаги ноаниқликларда эканини таъкидлади.

Солиқ юкининг асл моҳияти: ставкалардан ташқари омиллар

Мурод Муҳаммаджонов: Ҳақиқатда бизда фақат ставкалар бўйича оладиган бўлса, Ўзбекистонда дунё бўйича деярли энг енгил ставкалар деса бўлади. Лекин солиқ юкига фақат солиқ ставкалари таъсир қилмайди. Солиқ маъмурчилигининг ўзи солиқ юкини оғирлаштирадиган механизм ҳисобланади. Ўша солиқ маъмурчилиги деганда ҳозирги кундаги текширувлар, текширувдан кейинги солиқ тўловчи ўзининг ҳақлигини исботлаш учун кетказадиган вақти, бизнес билан эмас, айнан солиқчилар билан муҳокамага кўп киришиши ва унга кетказадиган вақти ҳам одамларда “солиқ менга оғирлик қиляпти” деган тушунчани шакллантиради. Чунки фокус бизнесга эмас, ривожлантиришга эмас, солиқ органи қаршисида ҳимояланишга қаратилади.

Тадбиркорда солиқ тўлаб ҳам хотиржам бўлолмаяпман деган нарса бўляпти. Бу ҳолат автоматик равишда хуфиёна иқтисодиётнинг кучайишига олиб келади, чунки тадбиркор иложи борича солиққа ҳеч нарсани кўрсатмасликка ҳаракат қилади. Ҳамма нарсани кўрсатадиган бўлсам, маъмурчиликнинг ўзи қийнаб қўйяпти, деган фикр пайдо бўлади.

Ҳозир ҳамма нарса электрон шаклга ўтяпти. Мисол учун, ўша автокамерални ўзи таҳлика-таҳлил тизими асосида ҳисоблайди ва “бу инсон омили аралашмасдан туриб қилинган нарса” деб ёзиб қўйишади. Лекин барибир инсон омили аралашган маълумотлар билан тайёрланган хабарномалар келади ва нотўғри қўлланилган формулалар орқали тадбиркорга катта стресс юкланади.

”Текширувлар занжири тадбиркорни безовта қиляпти”

Давронбек Бобожонов: Яқинда 100-сонли фармон билан автокамерал бўйича юборилган хабарномага жавоб бериш мажбурияти олиб ташланди. Лекин барибир ўшани камералга ўтказиб юборишяпти. Яъни, автокамералдан кейин камералга ўтяпти ҳолат.