21:55 / 09.03.2023
9209

БАА болали оилаларга кўп марталик сайёҳлик виза режимини жорий қилди

18 ёшгача бўлган болалари бор оилалар мамлакатга бир неча марта кириш имконини берувчи визани расмийлаштириши мумкин. 

Бирлашган Араб Амирликлари 18 ёшгача бўлган болалари бор оилаларга мамлакатга бир неча марта кириш имконини берувчи 5 йиллик туристик визани расмийлаштиришга рухсат берди. 

Бирлашган Араб Амирликларининг идентификация, фуқаролик, божхона ва порт хавфсизлиги бўйича федерал маъмурияти (ICP) маълумотларига кўра, виза олиш учун ҳомийлик кафолати талаб қилинмайди.

Маълум қилишича, виза эгасининг мамлакатда бўлиш муддати 1 йил ичида 90 кундан ошмаслиги керак. Агар муддати тугаса, яна бир марта 3 ойга узайтирилиши мумкин. Яъни, энг узоқ муддат - 6 ой. 

Шу билан бирга, мамлакатда қолиш муддатини ўзгартириш учун кейинги йилни кутиш шартмас. Чунки унинг вақти виза берилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар киши БААда 1 йил ичида 90 кундан кам бўлса, қўшимча кунлар кейинги йилга ўтказилмайди. 

Виза олиш учун талаблар:

- 6 ой ичида амалга оширилган банк операциялари нусхаси;

- банк ҳисобварағида камида 4 минг доллар бўлиши;

- БААда 180 кунлик тиббий суғуртани олиш;

- виза берилган кундан бошлаб 60 кун ичида БААга кириш. Агар кириш бу вақтдан кечиктирилса, ҳужжат ўз кучини йўқотади. 

Оилавий виза учун фақат 18 ёшгача бўлган болалари бўлган оилалар мурожаат қилишлари мумкин. Болаларнинг ота-оналари барча талабларга риоя қилган ҳолда мустақил равишда ваколатли органга ариза бериши керак. 

Top