Спорт | 12:04 / 09.03.2023
32893
12 дақиқада ўқилади

Париж орзуси Мюнхенда синдирилди. ЕЧЛда кун ўйинлари

Француз суперклуби яна Чемпионлар лигасини плей-оффда тарк этди — бу сафар анча эртароқ.

Фото: Reuters

ЕЧЛ. 1/8 финал. Жавоб ўйинлари
Бавария — ПСЖ 2:0
Голлар: Шупо-Мотинг (61), Гнабри (89).
Бавария – Зоммер, Станишич, Упамекано, де Лигт, Горетцка, Киммих, Дэвис, Шупо-Мотинг (Сане, 68), Мюллер (Канселу, 86), Коман (Гнабри, 86), Мусиала (Мане, 82).
ПСЖ – Доннарумма, Ҳакими, Рамос, Данилу Перейра, Маркиньос (Мукиэле, 36; Битшиабу, 46), Мендеш (Бернат, 82), Верратти, Фабиан Руис (Заир-Эмери, 76), Витинья (Экитик, 81), Месси, Мбаппе.
Биринчи ўйин — 1:0.

19 феврал куни Неймар «Лилл»га қарши ўйинда майдон марказида оёғини қайириб олганида, интернет бразилиялик футболчининг навбатдаги жароҳати яна унинг синглиси туғилган кунига яқин қолганида бўлгани ҳақидаги мемлар билан тўлиб-тошди. Фақат бу кулгили эмас, қайғули эди. Гап шундаки, «ПСЖ» ўз вақтида 222 миллион евро тўлаган форвард жамоада бўлган вақтнинг қарийб учдан икки қисми жароҳатлардан даволанишга кетган. Навбатдаги жароҳатдан кейин Ней фақат ёзда, мавсумлар оралиғидаги тайёргарлик жараёнида сафга қайтиши мумкин.

«ПСЖ»нинг ўнинчи рақамли футболчиси фақат бир мавсумда Чемпионлар лигаси плей-офф босқичида тўла соғ бўлган ва Франциянинг энг яхши жамоаси ўшанда совринга жуда яқин келганди. Ўшанда еврокубоклар пандемиядан кейин ўзгартирилган форматда якунланган, Неймарнинг ҳолати яхши экани оилавий байрамлар ортда қолгани билан боғлаб ҳазиллар қилинган, ўйинлар ёзда ўтказилганди. Плей-оффда чорак финалдан бетараф майдонда фақат биттадан ўйин бўлган, нимчорак финалда «Боруссия» Д билан икки ўйин натижасига кўра (1:2, 2:0) устун келган «ПСЖ» кейинги босқичларда «Аталанта» (2:1) ва «Лейпциг»ни (3:0) ортда қолдириб, финалга чиққан, лекин ўша мавсумда даҳшатли формада бўлган «Бавария»га (мюнхенликлар «Челси»дан икки ўйин натижасига кўра 7:1 ҳисобида устун келган, кейин «Барселона» 8:2 ҳисобида мағлуб этилган, яримфиналда эса ўша мавсум «Сити»ни турнирдан чиқариб юборган «Лион» осонлик билан таслим этилганди - 3:0) 0:1 ҳисобида ютқазганди.

Парижликларнинг шундан бошқа ёрқин иштироки тўрт йил олдин «МЮ»га қарши ўйинда сўнгги дақиқаларда пеналтидан ўтказилган гол туфайли тўхтатилганди. Ўша оқшомда қўлтиқтаёқдаги Ней ҳакамлар хонасига бостириб киришга уринган, у хонага кира олмаса ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳакамларни ҳақоратлагани учун дисквалификацияга учраганди.

Ҳозирда Парижда етакчилардан бири йўқлигидан позитив топишга уринишмоқда. Ҳам Месси ва Мбаппенинг сўнгги учрашувлардаги ёрқин ўйинлари, ҳам прессингда у қадар фаол бўлмайдиган футболчилар сони қисқарганига ишора қилиб. Ҳатто бош мураббий Кристоф Гальтье бразилиялик футболчи 17 гол ургани ва 11 узатма амалга оширганини эътироф этган ҳолда яримҳимоя чизиғида баланс юзага келганини тан олди. Фақат мураббий қаршисида бошқа савол пайдо бўлади: бу ҳужумда қўшимча устунлик йўқолгани эвазига бўлмадими?

Шунга қарамай Гальтье прессинг ваъда қилди ва у ҳамда шу куни жуда ишончли ўйин кўрсатган Зоммер — ёрқин биринчи бўлимни тақдим этишди. Витинянинг зарбасини эса дарвоза чизиғи устида де Лигт тўхтатиб қолди, бошқа вазиятда Дэйвис ҳам Месси ҳужумни якунлашига йўл қўймади. Буларнинг бари ЕЧЛ ҳит-парадига киради. 

Биринчи 45 дақиқаликда парижликлар дарвозаси қаршисида эса бундай хавфли вазиятлар юзага келмади. Лекин ўтган шанба куни «Нант» билан учрашувни соғлигидаги муаммо туфайли охиригача якунлай олмаган Маркиньос бу ўйинда биринчи бўлимдаёқ алмаштирилди ва марказий ҳимоячилар учлигида биргина Серхио Рамос шу амплуа футболчиси бўлиб қолди. Қолаверса, захира ўриндиғидан шошилинч чақирилган Мукиеле ҳам иккинчи бўлимга қайта олмади ва ўрнини 17 ёшли Битшиабуга бўшатиб берди.

Мезбонлар бош мураббийи Юлиан Нагельсманн эса дарҳол рақибдаги заиф нуқтани пайқади ва танаффусдан  кейин «Бавария» қотил режимини ёқди. Дастлаб Шупо-Мотинг жамоа ўйинидан ажралиб қолди ва зарба йўлида пайдо бўлгани учун гол бўлмай қолди. Лекин ҳал қилувчи вазиятда — Горецка ва Мюллер прессинг билан Верраттини хато қилишга мажбур қилишганида — камерунлик футболчи собиқ жамоасини аямади.

Серхио Рамоснинг бош билан йўллаган зарбасини қайтарган Зоммер эса жароҳатланган Нойер ўрнига нега айнан уни танлашганини кўрсатиб қўйди. Немис жамоаси ҳимоячилари «ПСЖ» тарихидаги энг яхши тўпурар Мбаппени қуролсизлантиришди. Дисквалификацияга учраган Павар ўрнига эса қанотда Жоау Канселу эмас, фақат сўнгги уч ўйинда бошланғич таркибда ўйнаган Станишич туширилди.

Гнабри ўйин охирида иккинчи голни урди. «Бавария» бу мавсумда «ПСЖ», «Барселона» ва «Интер» билан икки мартадан ўйнаб, тўп ўтказмади. ЕЧЛда фақат «Виктория Пльзень» мюнхенликлар дарвозасини ишғол этишни уддалаган.

Шу тариқа, «ПСЖ», Қатар миллионлари ва Чемпионлар лигаси ҳақидаги повестнинг янги саҳифаси ёзилди. Янгиси учун ким олинади? Луиш Кампуш раҳбариятни Гальтьега ишонишда давом этишга ишонтирадими? Ёки барибир Зинедин Зидан келадими? Афтидан, Франциянинг энг яхши жамоасини ундан бошқаси эплай олмайди.

«Бавария» яна Париж орзусини оёқости қилди. Ва гап Неймарнинг жароҳатида эмас.

«Шпорлар» 180 дақиқа давомида қизил-қоралар дарвозасига битта ҳам гол ура олишмади

Фото: Reuters

Тоттенҳэм — Милан 0:0
Тоттенҳэм – Форстер, Эмерсон (Ришарлисон, 70), Дэвис, Лангле, Ромеро, Перишич (Порро, 53), Ҳёйбьерг, Кулусевски (Санчес, 83), Скипп, Сон, Кейн.
Милан – Меньян, Томори, Тиав, Калулу, Эрнандес, Крунич, Диас (Бинносир, 81), Тонали, Мессиас (Салемакерс, 56), Жиру (Ориги, 81), Леау (Ребич, 89).
Огоҳлантиришлар: Ромеро (17), Лангле (21), Тиав (90+3), Скипп (90+5).
Четлатиш: Ромеро (78).
Биринчи ўйин — 0:1.

«Милан» Чемпионлар лигаси чоракфиналларида 11 йилдан буён кўриниш бермаган. Бу вақт давомда Европа футболининг бир замонлардаги гранди бошқарувида ўн нафар бош мураббий ишлади, Златан Ибраҳимович эса кетиб, бошқа уч клубда ўйнаб, ортга қайтиб келишга улгурди. «Милан» олдинги улуғворлигига қайтиш учун ҳали яна кўп вақт керак, аммо, қизил-қоралар чоршанба оқшомидаги ўйинда бу йўналишда муҳим оралиқ қадамни ташлади. Итальянлар қаршисидаги оддий вазифа турганди: ўтган ҳафтада «Вулверҳэмптон»га ҳам, «Шеффилд Юнайтед»га ҳам гол ура олмаган жамоага ютқазмаслик.

Шунга қарамай, «Тоттенҳэм» барибир хавфли эди. Жорий мавсумда бу Англиядаги «катта олтилик»нинг энг беқарор жамоаси бўлмоқда: клуб етакчилардан бирини осонлик билан енгиши, унинг ортидан аутсайдерга ютқазиши мумкин. Шунинг учун Стефано Пиоли жамоанинг сўнгги натижаларига чалғимаслиги талаб этиларди.

Антонио Конте ниҳоят соғлигидаги муаммоларни енгиб ўтди ва «Тоттенҳэм» захира ўриндиғига қайтди, аммо таркибда жиддий ўзгаришларга қўл урмади. Пиоли эса яна «шпорлар» ўйинига мослашиб алоҳида режа тайёрлади — агар «Сан-Сиро»да у Кьерга фақат Кейнни қўриқлашни буюрган бўлса, бу сафар гибрид схемага ўтди.

Пиолига кўп жиҳатдан Меньян соғайгани ёрдам берди. «Милан»нинг асосий дарвозабони оғир жароҳат туфайли сентябрдан буён ўйнамаётганди, аммо феврал охирида у сафга қайтди ва мураббийлар штаби энди француз посбонининг кучли томонларидан фойдаланиши мумкин. Меньян оёқ билан жуда яхши ўйнайди, ҳар иккиси билан ҳам, шунинг учун «Тоттенҳэм»га қарши ўйинда у ҳимоячи ролини ҳам бажарди. Дарвозабон доимий равишда жарима майдони ташқарисида тўп билан пайдо бўлди ва шерикларига узун узатмалар етказиб берди. Якунда Меньян «Милан» таркибида энг кўп узатма олган футболчилар учлигидан жой олди.

«Милан» дарвозабон манёврлари ҳисобига футболчилар жойлашувини ҳам тез-тез ўзгартира олди — ҳужум бошланишида ҳимоя тўртлик линиясида саф тортди, тўпсиз ҳолатда эса меҳмонлар «Тоттенҳэм»нинг 3-4-3 схемасини такрорлади.

Меҳмонлар тактикаси иш берди. Биринчи ўйинда миланликлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганди, шу туфайли жавоб ўйинида улардан биринчи навбатда «Тоттенҳэм»ни тийиб туриш талаб этиларди. Меҳмонлар биринчи бўлимда ўйин суръатини назорат қилишди, натижада танаффусга қадар дарвозалар олдида голли вазиятлар деярли бўлмади. Фақат Эмерсон ва Мессиас бир мартадан хавфли вазиятлар яратишди.

«Милан»нинг бундай ҳаракати тушунарли эди, чунки вақт шу жамоа фойдасига ишларди, «Тоттенэм» эса жуда ноаниқ ўйин кўрсатди. 23-дақиқадан 60-дақиқагача лондонликлар дарвоза соҳаси томон бирорта аниқ зарба йўлламади — на позицион ҳужум, на қарши ҳужумлар ва на стандартлардан наф бўлди. Фақат Педро Порро захирадан тушиши ўйинни жонлантирди — испаниялик футболчи «Вулверҳэмптон»га қарши ёрқин ўйиндан кейин ҳам захирада қолдирилгани тушунарсиз, аммо у бу ўйинда ҳам 60-дақиқадан кейин қанотда фаол ҳаракат қилди.

Конте ўзининг севимли 3-Х-Х блокини ўйин давомида ҳам деярли ўзгартирмайди, аммо бу сафар вазият мажбур қилди: 70-дақиқадан бошлаб «Тоттенҳэм» сафида ҳужум чизиғининг асосий тўрт вакили майдонда эди — Кейн, Сон Хин Мин, Кулусевски ва Ришарлисон. Шу билан бирга бу жойлашув 4-2-4 ни ҳам эслатарди. Иккинчи бўлимда «Тоттенҳэм» тўпга эгалик қилиш бўйича ташаббусни қўлга олиши мантиқий эди, фақат «Милан» рақиб ҳужумларининг аксарини осонликча йўққа чиқарди. «Шпорлар» Конте даврида қарши ҳужумда ўйнашни яхши ўзлаштирган, лекин яхши уюштирилган мудофаани қандай бузиб ўтишни билишмайди.

Бундай ўйинни хотиржам якунлашнинг имкони бўлмади — 78-дақиқада Ромеронинг асаблари дош бермади, вазиятлардан бирида у Тео Эрнандесга қарши қўполлик қилиб, ўзи жароҳат олди, етмаганига ҳакам унга иккинчи сариқ карточкани кўрсатди. Камчилик бўлиб қолган «Тоттенҳэм»да ўйинни қутқариш учун имконият янада камайди, аммо жамоа барибир бир яхши стандарт вазият учун куч топа олди — қўшиб берилган учинчи дақиқада Кейн ўзининг энг яхши қобилиятини ёдга олди ва бош билан гол уриши мумкин эди, аммо Меньян ўз вақтида сакраб хавфни бартараф этди.

Ўйин голсиз якунланди, икки ўйин натижасига кўра «Милан» юришини давом эттиради. Ва кимдадир бу жамоа кейинги босқичга ҳақли эмас деган тасаввур уйғонгани даргумон.

Мавзуга оид