«Эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни «ҳалок бўлган» дейишга тил бормайди» - Шавкат Мирзиёев
Президент Термиз шаҳридаги «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейини бориб кўрди.
Давлат раҳбари шу ерда Ватан ҳимояси ва эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ходимларнинг оила аъзолари билан учрашди. Видеоалоқа орқали тадбирга Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар вакиллари ҳам боғланди.
Маълумки, мустақилликка эришиш, тинчликни сақлаш ўз-ўзидан бўлмайди. Халқимиз ҳам кўп синовли кунларни бошидан кечирди. Осойишта ҳаётимизни издан чиқаришга уринишлар, террорчилик хуружлари бўлди. Ботир ҳарбийларимиз жасорат кўрсатиб, ғаразли кучларга қақшатқич зарба берган. Минг афсуски, бу курашда юзлаб мард ҳарбийларимиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳалок бўлган.
Учрашувда президент Ўзбекистон мустақиллиги ва тинчлиги йўлида қурбон бўлган ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларини ёдга олди. Довюрак фарзандларни дунёга келтириб, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялаган ота-оналарга, уларнинг умр йўлдоши ва фарзандларига чуқур миннатдорчилик билдирди.
«Эл-юрт учун жонини фидо қилган ўғлонларимизни «ҳалок бўлган» дейишга тил бормайди. Улар оиласи учун, Ватанимиз учун ҳамиша барҳаёт», деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари ҳарбий хизматчилар оиласига эътибор ва ғамхўрлик ҳамиша давом эттирилишини таъкидлади. Ҳозирги кунда ҳалок бўлган ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг 270 нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсиясини олаяпти. Янги фармонга кўра, пенсия миқдори 25 фоизга оширилиб, 2 миллион сўмга етказилиши айтилди.
Бундан ташқари, муҳтож оилаларга биринчи навбатда турар жой берилади ва имтиёзли ипотека кредити олиш имконияти яратилади. Оила аъзоларига ижара тўлови учун 1 миллион 800 минг сўмгача пул берилади. Шунингдек, ҳалок бўлган хизматчининг фарзандлари боғча, коллеж, техникум ва олийгоҳда бепул таълим-тарбия олади.
Учинчидан, оила аъзоси даромадининг солиқдан озод қилинадиган суммаси 2 баробар кўпаяди. Бу тартиб ходимнинг фарзандларига ҳам татбиқ этилади. Натижада марҳум хизматчининг оиласи рўзғорида ҳар ой ўртача 700 минг сўм қўшимча пул қолади.
Тўртинчидан, бундан буён ушбу тоифадаги хизматчининг оила аъзолари ҳарбий шифохоналарда бепул даволаниш ҳуқуқига эга бўлади ва навбатдан ташқари стационар тиббий ёрдам олади. Уларга дори-дармон ва протез-ортопедия мосламалари олиб берилади, жарроҳлик харажатлари давлат ҳисобидан қопланади. Хизматчининг ота-онаси, турмуш ўртоғи ҳар йили санаторийда бепул даволанади, болалари оромгоҳларда соғломлаштирилади. Уларнинг ота-онаси учун йилига икки марта темир йўл ва ҳаво транспортида юриш бепул бўлади.
Бешинчидан, ҳалок бўлган хизматчилар оиласини ҳарбийлашган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан оталиққа олиш амалиёти жорий этилади. Шу билан бирга, вилоят ҳокимликлари томонидан оғир аҳволдаги бундай оилаларга ҳар ой 400 минг сўм миқдорида нафақа бериб борилади.
Бундан буён, агар хизматчи ўз бурчини бажаришда ҳалок бўлган тақдирда, унинг оиласига иш ҳақини 150 баравари миқдорида бир йўла нафақа берилади. Яъни, бу нафақа ўртача 300 миллион сўмдан 500 миллион сўмга оширилади. Ҳалок бўлганда тўланадиган суғурта тўлови 25 миллион сўмдан 60 миллион сўмга кўпаяди.
Давлат раҳбари бундай мард инсонларни вояга етказган ота-оналари, фарзандлари доимо юртимиз ардоғида бўлиши зарурлигини таъкидлаб, «Эл-юрт фидойиси» кўкрак нишони таъсис этиш таклифини билдирди. Бу нишон гувоҳномаси Олий Бош қўмондон томонидан имзоланади. Ушбу эътироф эгалари барча имтиёзларга эга бўлади.
«Ҳарбий-жанговар салоҳият ва юксак маънавий салоҳият Ўзбекистон Қуролли Кучларининг икки буюк таянчига айланиши зарур», деди Президент.
Давлат раҳбари Ватан озодлиги йўлида фидойилик кўрсатган ўғлонларимиз жасорати ҳам ёш авлод учун ибрат экани, улар ҳақида асарлар яратиш кераклигини таъкидлади.
«Эзгу мақсад йўлида бирлашган халқ ва давлатни ҳеч қандай куч енголмайди. Илоҳим, қаҳрамон ўғлонларимизнинг охиратлари обод бўлсин. Юртимиз тинч, халқимиз омон бўлсин», деди президент сўзининг якунида.
Мавзуга оид
11:53 / 13.11.2024
Афғонистонда содир бўлган зилзила кучи Сурхондарёда сезилди
08:15 / 13.11.2024
Уч ҳудудда электрдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди
13:36 / 06.11.2024
Сурхондарёда Cobalt'нинг газ қувурига урилиши оқибатида авария ҳолати содир бўлди
20:01 / 01.11.2024