Президент Шавкат Мирзиёев 17 июль куни маданият ва санъатни ривожлантириш, миллий меросимизни асраб-авайлаш ҳамда халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган лойиҳа ва тадбирлар тақдимоти билан танишди.
Дастлаб нуфузли хорижий музей ва кўргазма майдонларида Ўзбекистоннинг археологик ва илмий мероси, шунингдек, амалий санъат асарларини намойиш этиш бўйича режалар кўриб чиқилди.
Жумладан, 2026 йил сентябрь ойида Доҳадаги Ислом санъати музейида “Uzbekistan: Heritage in Motion” кўргазмасини, ноябрь ойида эса Миландаги Prada фондида Ўзбекистоннинг ноёб экспонатлари иштирокида “Global Antiquity” халқаро археология кўргазмасини ташкил этиш режалаштирилган. 2027 йилда Венециядаги Палаццо Гримани ва Япониянинг Нара миллий музейида Ўзбекистоннинг бронза давридан илк ўрта асрларгача бўлган тарихини акс эттирувчи 200 дан зиёд археологик топилмалар намойиш этилади. Миландаги Палаццо Реаледа олтин каштачилик, сўзана, икат, заргарлик буюмлари ва амалий санъат асарларидан иборат 150 дан ортиқ экспонат тақдим этилади.

Флоренцияда Абу Али ибн Синонинг ҳаёти ва илмий меросига бағишланган кўргазма ўтказиш, шунингдек, Япония, Буюк Британия, Хитой, Саудия Арабистони ва бошқа давлатлардаги етакчи маданий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари баён қилинди.
Маданий мерос объектларини реставрация қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Князь Николай Романов саройида Ўзбекистон давлат санъат музейи филиалини ташкил этиш кўзда тутилган. Бунда мажмуанинг тарихий қиёфаси сақлаб қолиниб, 300 га яқин экспонатдан иборат доимий экспозиция шакллантирилади.
Мухтор Ашрафий уй-музейида бинонинг фасади ва тарихий интерьерлари реставрация қилиниб, экспозиция янгиланмоқда. Музей замонавий муҳандислик тизимлари, хавфсизлик ва иқлим назорати воситалари, мультимедиа ускуналари, шунингдек, овоз ёзиш студияси билан жиҳозланади.
Тақдимотда “Тамерлано” операсини жаҳоннинг нуфузли саҳналарида намойиш этиш натижалари ва келгуси режалар кўриб чиқилди.
Жорий йилда ушбу асар Дубай операси, Венадаги “Музикферайн”, Санкт-Петербургдаги Мариинский театри ҳамда Версаль саройи Қироллик операси саҳналарида намойиш этилди. Стефано Пода саҳналаштирган операда Георг Фридрих Гендель мусиқаси Кирилл Рихтер талқинида, ўзбек миллий чолғу асбобларидан фойдаланилган ҳолда ижро этилди. Лойиҳада Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, хор, халқ чолғулари оркестри ва таниқли солистлар иштирок этди.










