Президент Шавкат Мирзиёевнинг 13 март куни Сурхондарё вилоятига қилган ишчи ташрифи бир қатор воқеаларга бой бўлди. Масалан, ўтган 2 ярим ой давомида вилоятда ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган Улуғбек Қосимов ҳокимликка тайинланди, Бойсун-Денов йўналишидаги йўл сифатини президент ўзи автомобил бошқарган ҳолда текшириб кўрди, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг Сурхондарё вилоятидаги взводларидан бирига ташриф буюрилди.
Аммо улар орасида ҳам энг эътиборлиси, шов-шувга сабаб бўлгани президент Шавкат Мирзиёевнинг томон танлаш ҳақидаги мана бу фикрлари бўлди.
«Ҳозир катта-катта давлатлар: «Ўзбекистон, сен ким тарафда. Бўлди энди, нейтрал бўлиб юришинг бўлди, ё у томонга ўтгин, ё бу томонга ўтгин», дея қаттиқ-қаттиқ айтиб, вакиллари ҳам келиб шунга даъват қиляпти. «Ўрта Осиёда Ўзбекистон бизга керак, 36 миллион бўлди, 3-4 йилда 40 миллион бўлади, катта давлат бўлади, ким тарафсан?» – деяпти. Қаранг, шундай оғир саволга қандай жавоб бериш керак? Жавоб битта: бир томонман, миллатим, халқим, буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман», деди Шавкат Мирзиёев.
Kun.uz мухбири президентнинг ушбу сўзлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг «нейтрал позицияси» ҳақида сиёсий таҳлилчилар – Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов билан интервью ўтказди.
— Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёда томон танлаш ҳақида айтганлари, хўш, бу баёнотдан нималарни тушуниш керак, у қандай маъноларни англатади?
Фарҳод Толипов:
— Президентнинг томон танлаш ҳақидаги гапларини эшитиб, бир нечта хулосага келдим. Авваламбор, президент йирик давлатлар деб бир нечта давлатни назарда тутиб, Ўзбекистонга босим бўляпти, дегандек хабар берди. Бунда ҳам АҚШ, ҳам Россия назарда тутиляпти.
Охирги икки йилдаги ташрифларга қарайдиган бўлсак, АҚШдан ҳам кўра Россия вакиллари кўпроқ келган. Умуман, босим икки томондан ҳам бўляпти деб тушуниш керак. Ким тарафидасан, деган саволга Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиқаман, деган фикрни айтди президент. Тўғри фикр бўлса-да, мавҳумлик бор у ерда, бундан қочиш ҳам имконсиз. Аслида, биз учун Ўзбекистон манфаатидан бошқа манфаат йўқ. Балки манфаат нейтралликни тақозо қилаётгандир, балки АҚШ ёки Россия тарафини олишни. Шундай мавҳумлик билан тугагани учун очиқ савол билан якунланган баёнот деб тушундим. Бундай геосиёсий муҳитда танлов қилиш жуда қийин.


















