Ўзбекистон | 16:40 / 16.03.2023
28677
2 дақиқада ўқилади

The Economist Ўзбекистонни Россиянинг дўстлари рўйхатига киритди

Британиянинг The Economist журнали дунё давлатларининг РФ билан дипломатик, ҳарбий, энергетик ва иқтисодий алоқаларини ўрганиб чиқиб, Москванинг геосиёсий иттифоқчилари индексини тузди. 12 та давлатдан иборат рўйхатда Ўзбекистон 10-ўриндан жой олди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон индексда сўнгги 12-ўринда қайд этилган.

Нашр таҳлилига кўра, айни пайтда Россияга геосиёсий жиҳатдан энг яқин бўлган давлат – Беларус (11 балл). Москва билан алоқаларнинг қалинлиги бўйича кейинги ўринлардан – Арманистон (9 балл) ва Қирғизистон (8 балл) жой олган.

Рўйхатдаги кейинги давлатлар Москвага яқинлиги жиҳатдан қуйидаги кетма-кетликда жойлашган: Эрон, Тожикистон, Қозоғистон (6 балл), Сурия, Хитой, Венесуэла (5 балл), Никарагуа, Ҳиндистон, Ўзбекистон (4 балл).

Муаллифлар индексни “Путиннинг дўстлари” деб ҳам номлаган. Уни тузишда қуйидагилар асосий мезон бўлган:

  • Дипломатик яқинлик. Мамлакат БМТнинг Россияга оид асосий резолюцияларида қандай овоз берган?
  • Ҳарбий яқинлик. Мамлакатнинг РФ билан ҳарбий соҳадаги ҳамкорлиги бўйича расмий келишуви борми? Бу мамлакат ҳудудида рус қўшинлари ёки ёлланма аскарлари борми? Уруш бошланганидан бери Россияга қурол етказиб берганми? Бу мамлакат РФнинг қуролларига боғланиб қолганми? Уруш бошланганидан бери РФ билан биргаликда ҳарбий машғулотлар ўтказганми?
  • Энергетик ва иқтисодий яқинлик. Бу мамлакат Россия гази, АЭС ёки ядро технологияларига боғлиқми? Ташқи савдосида Россиянинг улуши 10 фоиздан ошадими? Уруш бошланганидан кейин Россияга экспорти ошганми?

Юқоридаги мезонлар асосида Ўзбекистоннинг БМТдаги резолюцияларда Россияга қарши овоз бермагани, шу билан бирга тарафдор ҳам бўлмагани, РФга қурол етказиб бермагани, КХШТ аъзоси эмаслиги, ўз ҳудудида рус ҳарбийларини жойлаштирмагани ва 2022 йил февралидан буён Россия билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказмагани эътиборга олинган.

The Economist ўз мақоласида бу индекс давлатларнинг дипломатик позициясидаги ўзига хосликларни акс эттирмаслиги, фақат рўйхатдаги давлатлар Россияга нисбатан қандай позиция танлаганига баҳо беришини қайд этиб, бу позиция мажбурликдан танланган бўлиши эҳтимолини рад этмаган.

Мавзуга оид