Жаҳон | 17:06 / 17.03.2023
9690
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Қора денгиз минтақасига янги дрон жўнатди

Фото: Reuters

Америка Қўшма Штатлари аннексия қилинган Қримга янги разведкачи учувчисиз учоқни жўнатди - Flightradar24 маълумотларига кўра, Италиянинг Катания шаҳри яқинидаги Сигонелла авиабазасидан ҳавога кўтарилган, FORTE10 чақирув белгисига эга RQ-4 Global Hawk учувчисиз учиш аппарати Қора денгиз сувларига кириб борган ҳамда бир муддат Руминия ҳаво ҳудудида бўлган, деб хабар қилади «24 Канал».

Шу билан бирга, Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу 14 март куни Қора денгизнинг халқаро сувларида Американинг MQ-9 Reaper учувчисиз учиш аппаратига ҳужум қилган, унинг қулашига сабаб бўлган Су-27 қирувчи самолётлари учувчиларига давлат мукофотларини топширди. АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс ўша пайтда бу учувчиларнинг «чуқур нопрофессионаллиги оқибатида содир бўлганини» айтганди. 

16 март куни АҚШ қуролли кучларининг Европадаги қўмондонлиги 14 март куни Қора денгизда ҳалокатга учраган Американинг MQ-9 Reaper учувчисиз учоғи ҳақидаги махфий видеони эълон қилди. 

Қўмондонлик маълумотларига кўра, Россиянинг икки Су-27 қирувчиси Қора денгиз устидаги халқаро ҳаво ҳудудида бўлган АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг разведкачи учувчисиз учоғини «хавфсиз ва нопрофессионал» тарзда тутиб олган.

АҚШ версиясига кўра, қирувчилардан бири икки марта дрон олдига ёнилғи ташлаб ўтган, сўнг дронга урилган ва унинг винтларидан бирига зарар етказган. Шундан сўнг, таъкидланганидек, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари шикастланган дронни сувга чўктиришга мажбур бўлган. 

АҚШ Давлат департаменти аввалроқ Россия самолётининг Америка учувчисиз учоғи билан тўқнашуви «россиялик учувчиларнинг малакасизлиги» натижасида беихтиёр рўй бергани ҳақида фикр билдирган эди.

Мавзуга оид