Жаҳон | 10:38 / 19.03.2023
9601
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда Тўқаев давридаги илк парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Қозоғистонда парламент сайловлари 2022 йилда, «қонли январ» воқеалари ортидан президент Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан жамиятни модернизациялаш, ҳокимиятнинг доимий алмашувини кафолатлаш, ўзаро тийиб туриш ва бунда халқ вакиллигига суяниш бўйича бошланган ислоҳотлар шафелигида ўтказилмоқда.

Фото: Павел Михеев / Reuters

19 март куни Қозоғистонда республика парламенти мажилиси (қуйи палата) ва барча даражадаги маслиҳатларга (маҳаллий ҳокимият органлари) депутатлар сайланади.

Парламент мажилисининг саккизинчи чақириғи аввалгиларидан фарқли ўлароқ аралаш тизимда сайланади: депутатларнинг 70 фоизи партия рўйхати бўйича ўтса, қолган 30 фоизи - бир мандатли сайлов округлари бўйича сайланади. Мажилисга жами 98 депутат сайланиши керак — 69 нафари партия рўйхати бўйича ва 29 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича.

Қозоғистондаги барча етти сиёсий партия сайловлар учун ўз номзодлари рўйхатини тақдим этган. Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси партия рўйхати бўйича 281 нафар номзод кураш олиб боришини маълум қилганди: «Ак жўл» демократик партиясидан (мухолиф партия) — 54, «Аманат» партиясидан (президент партияси, аввалги «Нур Отан») — 90, «Овул» халқ-демократик ватанпарварлик партиясидан (иккинчи номи «қишлоқ» партияси) — 25, «Байтак» яшиллар партиясидан — 18, Умуммиллий социал-демократик партиясидан (ОСДП) — 19, Қозоғистон халқ партиясидан (НПК - 2020 йилга қадар Коммунистик партия деб аталган) — 52, Respublica партиясидан (унга ўзларини «янги Қозоғистон одамлари» деб атайдиган бизнес вакиллари асос солишган) — 23.

Партияларнинг ҳар бири парламентга ўтиш учун беш фоизлик барьерни забт этиши керак (аввал чегара 7 фоиз эди). 

Demoscope жамоатчилик фикрини экспресс мониторинг қилиш бюроси ва PaperLab тадқиқот маркази ўтказган қўшма сўровга кўра, сайловда сайловчиларнинг 59,6 фоизи қатнашиши кутилмоқда. Шундан 62,5 фоизи айтишича, партияларнинг бирортаси уларнинг манфаатларини ҳимоя қилмайди; шунингдек, кўпчилик ҳали кимга овоз беришини ҳал қилиб олмаган; аммо 54,9 фоизи олдиндаги сайловлар — республикани демократлаштириш йўлидаги катта қадам бўлади деб ҳисобламоқда. Энг кўп тарафдорлар «Аманат»да — 20,8 фоиз, ундан кейин «Овул» ва Respublica (уларда 3,3 фоиздан), ОСДП (2,5 фоиз), НПК (1,5 фоиз) ва «Байтак» (1 фоиз).

Шунингдек, Марказий сайлов комиссияси маълумотига кўра, мамлакатдаги 29 сайлов округида 435 номзод (ҳукумат танқидчилари, иқтисодчилар, журналистлар, ҳуқуқшунос ва ижтимоий фаоллар партиявий фильтрсиз ўз номзодларини илгари суришган) рўйхатга олинган. Уларнинг 359 нафари — мустақил номзодлар ва 76 нафари — партиялардан. Бир мандатли округ номзоди ғолиб чиқиш учун рақибларидан кўпроқ овоз йиғиши етарли бўлади.

Қозоғистонда маслиҳатлар сони 223 та, улардаги 3415 мандат учун 10 288 нафар номзод кураш олиб боради.

МСК ўрнатилган амалиёт доирасида парламентга сайловнинг дастлабки натижаларини 20 март куниёқ эълон қилиши мумкин.

Сайлов кампанияси мониторинги учун МСК 41 хориж давлати ва 12 халқаро ташкилотларнинг 800 нафарга яқин халқаро кузатувчиларини аккредитация қилган.

19,7 миллион киши истиқомат қиладиган Қозоғистонда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлганлар сони 12,3 миллиондан ошиқни ташкил этади.

Мавзуга оид