Ўзбекистон | 21:36 / 22.03.2023
19939
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада хориждан келган юкларни расмийлаштирмасдан пора эвазига божхонадан ўтказиб келган божхоначилар судланди

Судланувчилар “Водий” ва “Қўқон” ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари ҳамда “Фарғона” чегара божхона постида масъул лавозимларда фаолият олиб борган.

Фото: ЎзА

Қайд этилишича, айбланувчилар давлат томонидан импорт қилишда божхона тўловларидан бериладиган имтиёзлардан ноқонуний фойдаланиш, божхона назорати бўйича белгиланган тартибни бузиш, хизмат лавозимидан фойдаланган ҳолда божхона кузатув назорати шаффофлигини таъминламаслик, божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш каби қонунбузилишларга йўл қўйишган. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Суд ҳужжатларига кўра, божхоначилар ўз манфаатини кўзлаб ва бож тўловларидан қочиш мақсадида Польшадан Ўзбекистонга олиб кирилаётган транспорт воситаларининг ҳолати, русуми ва тасниф рақамини сохталаштирган.

Бундан ташқари, судланувчилар маълум ҳақ – пора эвазига бир неча фуқароларнинг кўп миқдордаги чет элда ишлаб чиқарилган юкларини тегишли расмийлаштирувларсиз божхона назоратидан ўтказиб юборган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчилар бу жиноятларга алоқадор эканликларини рад этишган. Бироқ видеокузатув ва фотосуратлар, далилий ашёлар, холисларнинг кўрсатмалари, илова ҳужжатлари бунинг аксини кўрсатган.

Судда божхоначиларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатлари натижасида давлат ва жамият манфаатларига миллиардлаб сўм зарар келтирилгани аниқланган. Суд жиноятчиларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бироқ ЎзА хабарида божхоначилар неча йилга қамалгани очиқланмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ойбек” чегара божхона постида жорий йил июнь-сентябрь ойларида олиб борилган тезкор ўрганиш ишлари натижасида, олиб чиқилиши тақиқланган товарлар ортилган юк автотранспорт воситалари ҳужжатларда гўёки бўш ҳолатда дея кўрсатган ҳолда олиб чиқилганига доир факт ва далиллар аниқланганди. Мазкур ҳолат юзасидан “Ойбек” чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари ва 3 нафар ходими шу куннинг ўзида божхона органларидан бўшатилган ҳамда тергов органларига топширилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид