Ўзбекистон | 19:01 / 23.03.2023
12119
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳукумати Ўзбекистонда болалар ўлимига алоқадор фармацевтика компанияси лицензиясини бекор қилди

Тергов Marion Biotech дори воситаларининг намуналари «сохталаштирилгани» ва сифат стандартларига жавоб бермаслигини аниқлади.

Фото: AP

Marion Biotech фармацевтика компаниясининг лицензияси Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати расмийлари томонидан бекор қилинди. Энди компания сироп ишлаб чиқара олмайди. Тергов Marion Biotech дори воситаларининг намуналари «сохталаштирилгани» ва сифат стандартларига жавоб бермаслигини аниқлади. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг учта моддаси билан иш қўзғатилган.

«Январь ойидан бошлаб фирма лицензияси тўхтатилган, шундан сўнг батафсил текширув бошланди. Фирма лицензияси энди Уттар-Прадеш Гиёҳванд моддалар назорати бошқармаси томонидан бекор қилинди. Фирма энди сироп ишлаб чиқара олмайди», деди ҳукумат амалдори 22 март куни.

Аввалроқ, 3 март куни Ҳиндистон полицияси Marion Biotech фармацевтика компаниясининг 3 нафар юқори мартабали ходимини ҳибсга олгани хабар қилинганди.

Marion Biotech дориларини лаборатория текшируви натижалари шуни кўрсатдики, 22 та намунанинг таркиби «бузилган ва қалбакилаштирилган». Полиция ходими Рам Бадан Сингх сўзларига кўра, Marion Biotech компаниясининг ишлаб чиқариш директори ва 2 нафар кимёгари ҳибсга олинган. Қолган икки директор «мамлакатдан ташқарида ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ ҳибсга олинади».

Press Trust of India маълумотларига кўра, даъво Ҳиндистон Жиноят кодексининг 274- (Дори воситаларини қалбакилаштириш), 275- (Қалбаки дори воситаларини сотиш) ва 276- (Дори воситаларини бошқа дори ёки доривор маҳсулот сифатида сотиш) моддалари бўйича қўзғатилган.

Тергов, шунингдек, Marion Biotech дори воситаларининг намуналари «сохталаштирилгани» ва тегишли сифат стандартларига жавоб бермаслигини аниқлади. Барча текширувлар давлат лабораториясида ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонда Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Док-1 МАХ» йўтал сиропини ичиш оқибатида ўнлаб болалар ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг Marion Biotech заводида ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилди.

2023 йил январь ойида ЖССТ Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол» йўтал сиропи ва «Док-1 МАХ» сиропи таркибида диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини тасдиқлади.

ЖССТ бу моддалар оз миқдорда бўлса ҳам ўлимга олиб келиши мумкинлиги ва уларни тиббиётда ишлатмаслик кераклиги ҳақида огоҳлантирди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид